Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Нотўғри ташхис қўйилган ўқитувчи овозидан айрилди

Нотўғри ташхис қўйилган ўқитувчи овозидан айрилди

Фото: Xabar.uz

Бухорода нотўғри ташхис ва лицензиясиз ўтказилган операция оқибатида ўқитувчи аёл овозидан айрилди. Суд-тиббий экспертизаси жабрланувчининг меҳнат қобилияти 35 фоизга йўқолганини аниқлаган.

Суд қарори билан хусусий клиника ва шифокордан ҳар ойлик товон пули ҳамда 115 миллион сўм моддий ва маънавий зарар ундириш белгиланган. Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармасининг «Xabar.uz»га маълум қилди.

Таъкидланишича, Бухоро вилоятида яшовчи ўқитувчи аёлга 2022 йил декабр ойида қалқонсимон безда онкологик касаллик аломатлари мавжудлиги ҳақида ташҳис қўйилган.

Шифокор тавсиясига кўра, аёл Бухоро шаҳридаги хусусий клиникалардан бирида 15 миллион сўм тўлаб операция қилинган. Кейинчалик аниқланишича, операцияни ўтказган шифокор эндокринология йўналишида жарроҳлик амалиётини бажариш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлмаган.

Операция вақтида йўл қўйилган хатолик оқибатида аёлнинг кекирдак қайтувчи нерв толалари ва овоз бойламалари шикастланиб, овоз бойламалари фалажи ҳамда нафас олиш билан боғлиқ муаммолар келиб чиққан. Бу эса унинг ўқитувчилик фаолиятини давом эттиришига жиддий тўсқинлик қилган.

Суд-тиббий экспертизаси хулосасига кўра, мазкур ҳолат аёлнинг умумий меҳнат қобилияти 35 фоизга турғун йўқолишига сабаб бўлган ва оғир тан жароҳати сифатида баҳоланган. Жиноят ишлари бўйича Ромитан туман судининг 2025 йил 11 апрелдаги ҳукми билан шифокор айбли, деб топилган. Бироқ, жавобгарликка тортиш муддати ўтгани сабабли шифокор жиноий жавобгарликдан озод қилинган. Соғлиқни сақлаш вазирлиги текширувида хусусий клиника эндокринология бўйича лицензиясиз оператив даволаш фаолияти билан шуғуллангани аниқланиб, унга 102 миллион сўм жарима қўлланилган.

Фуқаролик ишлари бўйича суднинг апелляция инстанцияси қарорига асосан, хусусий клиника ва шифокордан жабрланувчи фойдасига ҳар ой 2,5 миллион сўм зарар пули, шунингдек 45 миллион сўм моддий ва 70 миллион сўм маънавий зарар ундириш белгиланган.

Мажбурий ижро бюроси томонидан моддий ва маънавий зарар учун белгиланган маблағлар тўлиқ ундирилган бўлиб, ҳар ойлик тўловларни ундириш ишлари давом этмоқда

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг