Тошкентда она 3 ёшли боласига нисбатан зўравонлик қилиб келгани аниқланди
Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида 3 ёшли болага нисбатан мунтазам жисмоний зўравонлик қилингани ва унга ухлатувчи дори воситалари берилгани аниқланди. Бу ҳақда Болалар омбудсмани хабар берди.
Болалар омбудсмани котибиятига бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилиб, қўшниси А.Т. (1989 йилда туғилган аёл) вояга етмаган фарзанди А.И. (2023 йилда туғилган ўғил бола)га мунтазам равишда жисмоний зўравонлик қилаётгани, болага ухлатувчи дори бериб, уни қаровсиз ва парваришсиз қолдираётганини маълум қилган.
Болалар омбудсманининг расмий сўрови асосида ҳолат ички ишлар органлари ҳамда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги томонидан ўрганилган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан аёлга нисбатан Жиноят кодексининг 110-моддаси — «Қийнаш» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, болага нисбатан ҳимоя ордери расмийлаштирилган.
Ҳозирда боланинг соғлиғини тиклаш учун зарур тиббий муолажалар кўрсатилмоқда. Унинг соғлиғи барқарор ва яхши ҳолатда экани қайд этилган.
Шунингдек, туман васийлик органи томонидан боланинг қонуний манфаатларидан келиб чиқиб, унга вақтинча васийлик таъминланган. Боланинг онасини ота-оналик мажбуриятларини бажармагани сабабли оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш бўйича судга тақдим этиладиган ҳужжатлар тайёрланмоқда.
Болалар омбудсмани боланинг хавфсиз ва соғлом муҳитда яшашини таъминлаш масаласи бўйича ҳолатни кузатишда давом этишини маълум қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter