Хавфли рецидивистни ушлашда жонбозлик кўрсатган фуқарога 10 млн сўм берилди
Навоий вилояти, Кармана туманида босқинчилик жиноятини содир этиб, қидирувда бўлган ўта хавфли рецидивистни қўлга олинишида жонбозлик кўрсатган фуқарога 10 миллион сўм пул мукофоти берилди. Бу ҳақда «Xabar.uz»га Навоий вилояти ИИБ ахборот хизмати маълум қилмоқда.
Таъкидланишича, Кармана туманидаги «Каловат» МФЙ ҳудудида номаълум шахс кечки пайт, тахминан, соат 23:30 ларда ошхона пичоғи билан қуролланган ҳолда ҳудуддаги хонадонлардан бирига ғайриқонуний равишда кирган. Ҳовли эгаларининг бирига тан жароҳати етказиб, уни ўлдириш билан таҳдид қилган. Ва жабрланувчига тегишли бўлган тилла тақинчоқларни босқинчилик йўли билан қўлга киритиб, воқеа жойидан қочиб, яширинган.
Мазкур воқеадан хабар топган вилоят ИИБ ходимлари томонидан дарҳол кенг кўламли тезкор-қидирув тадбирлари бошлаб юборилган ва номаълум шахснинг излари ўрганилган. Олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида ушбу жиноятни 1969 йилда туғилган, муқаддам Ўзбекистон Репсубликаси Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш), 169-моддаси (Ўғрилик) судланган Ў.М. томонидан содир этилгани гумон қилинган. Гумонланувчига нисбатан қидирув эълон қилинган. Ва бу ҳақда ижтимоий тармоқларга тарқатилган.

Кўп ўтмай, Навбаҳор туманилик 23 ёшли фуқаро Суҳроб Музаффаров Навоий шаҳридан ишдан қайтаётганида, уни йўл четида турган бир нотаниш йўловчи тўхтатган.
- Бир неча соатча олдин ижтимоий тармоқлар орқали қидирувда бўлган шахсларларнинг суратлари билан эълон қилинган хабарни ўқигандим. Ва уларнинг афт ва юз тузилишини аниқ эслаб қолган эканманми, яхшироқ эътибор билан қарасам, мен ўзимга тегишли бўлган автомашинамда, айнан, ўша жиноятчини олиб кетаётганимни англаб етдим. Машинамни баҳонада тўхтатиб, зудлик билан ички ишлар органларига қўнғироқ қилдим. Бу менинг фуқаролик бурчим эди,-дейди фуқаро Суҳроб Музаффаров.
Фуқаронинг фаол ҳаракати билан ички ишлар органлари ходимлари зудлик билан берилган манзилга етиб келишган ва қидирувдаги шахс қўлга олинган.
- Фуқаро Суҳроб Музаффаровнинг сергаклиги ва ҳушёрлиги, воқеа-ҳодисаларга бефарқ эмаслиги инобатга олиниб, унга 10 миллион сўм миқдорида пул мукофоти берилди. Жиноятчига нисбатан эса жазо чораларини қўлланилиб, босқинчилик йўли билан орттирган тиллалари эгасига қайтарилди,-дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Фаёзжон Қосимов.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter