Болалар омбудсманига судга мурожаат қилишда имтиёз берилади
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида Болалар омбудсмани фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси кўриб чиқилди. Ҳужжат бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан ишлаб чиқилган.
Қонун лойиҳасига мувофиқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар болага қарши жиноятлар ҳақида маълумот олганда жиноят ишини қўзғатиш ёки рад этиш ҳақидаги қарор юзасидан Болалар омбудсманини хабардор қилиши шарт бўлади.
Ташаббускорларга кўра, бу механизм суд жараёнларида, айниқса вояга етмаганлар иштирокидаги ишлар бўйича болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини тўлиқ ҳимоя қилишга хизмат қилади.
Лойиҳада Болалар омбудсманининг парламент назорати соҳасидаги ваколатлари ҳам аниқ белгилаб берилмоқда. Хусусан, у бола манфаатларини кўзлаб фуқаролик ишлари ва маъмурий судларга ариза, шикоят ёки даъво билан мурожаат қилганда давлат божидан озод этилиши таклиф қилинмоқда.
Шунингдек, омбудсманнинг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгилаш масаласи ҳам ҳужжатдан ўрин олган.
Қонун лойиҳасида омбудсманни сайлаш, уни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум этиш ва парламентга тақдим этадиган маърузасини эшитиш тартиби ҳам назарда тутилмоқда.
Лойиҳага кўра, болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахлдор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар Болалар омбудсмани билан мажбурий келишилиши лозим бўлади.
Муҳокамалар якунида қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан иккинчи ўқишда қабул қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter