Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Фахрийлар мақоми ва имтиёзларини белгилайдиган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Фахрийлар мақоми ва имтиёзларини белгилайдиган қонун лойиҳаси муҳокама қилинди

Фото: Қонунчилик палатаси

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида «Фахрийлар тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Қонун лойиҳасига кўра, муайян соҳа, тармоқ ёки касбда узоқ йиллар давомида виждонан ва намунавий меҳнат қилиб, давлат ҳамда жамият эътирофига сазовор бўлган фуқароларга фахрий мақоми берилади.

Ҳужжатда шунингдек, фахрийларнинг ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимояси, давлат томонидан тақдим этиладиган имтиёзлар ҳамда кафолатларни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилган.

Лойиҳага мувофиқ, фахрий мақомини олган шахслар бир қатор ижтимоий ва иқтисодий енгилликлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга бўлади. Жумладан, санаторий-курорт ва соғломлаштириш муассасаларида бепул даволаниш, уй-жой коммунал хизматлари учун компенсация олиш, шаҳар транспортидан бепул фойдаланиш имконияти яратилади.

Шунингдек, ҳаво ва темир йўл чипталарида чегирмалар, давлат хизматларидан навбатсиз фойдаланиш ҳамда пенсия ва солиқ соҳасида белгиланган имтиёзлардан баҳраманд бўлиш назарда тутилмоқда.

Лойиҳада фахрийларни дори воситалари билан имтиёзли таъминлаш, спорт иншоотлари, театрлар, музейлар ва моддий маданий мерос объектларининг пулли хизматларидан енгиллаштирилган шартларда фойдаланиш ҳуқуқи ҳам белгиланган.

Муҳокамалар давомида депутатлар томонидан қонун лойиҳасининг айрим нормалари юзасидан эътироз ва таклифлар билдирилди. Хусусан, фахрий мақомини бериш мезонлари, имтиёзларнинг қўлланиш тартиби ва айрим ҳуқуқий механизмларни янада аниқлаштириш зарурлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан ҳужжатни қабул қилишдан аввал уни қўшимча равишда такомиллаштириш, айрим моддаларни қайта ишлаш ва маромига етказиш бўйича масъул қўмитага топшириқ берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг