Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Оҳангаронда 300 та «закладка» тайёрлаган гумонланувчи қўлга олинди

Оҳангаронда 300 та «закладка» тайёрлаган гумонланувчи қўлга олинди

Республика бўйлаб ўтказилаётган «Хавфсиз ва соғлом юрт» тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Тошкент вилоятида йирик миқдордаги синтетик гиёҳвандлик воситалари муомаласининг олди олинди.

Тошкент вилояти ИИББ маълум қилишича, Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда Навоий вилоятининг Конимех туманида яшовчи, 1996 йилда туғилган А.С. гиёҳвандлик ва психотроп моддаларни «закладка» усули орқали тарқатаётган вақтида қўлга олинган.

Гумонланувчи навбатдаги синтетик гиёҳвандлик воситасини туманнинг чекка ҳудудида ерга кўмиб қўяётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Унинг мобил телефони кўздан кечирилганда, тарқатиш учун яширилган 300 га яқин «закладка»нинг жойлашув нуқталари аниқланган.

Кўрсатилган манзиллар текширилганда, ҳар бири 1 граммдан бўлган «мефедрон» синтетик гиёҳвандлик воситалари топилиб, белгиланган тартибда расмийлаштириб олинган.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар қайд этишича, тезкор тадбир натижасида юзлаб фуқаролар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдириши мумкин бўлган синтетик гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний муомаласига чек қўйилган.

Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 273-моддаси 6-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг