2026 йил биринчи чорагида Ўзбекистонда бизнес кайфияти қандай бўлди?
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда бизнес кайфияти ижобий динамикани сақлаб қолди. Ҳудудларда ўтказилган сўровда 2 487 нафар тадбиркор иштирок этди. Марказий банкка кўра, улар иқтисодий фаоллик, бизнес муҳити ва бандлик бўйича баҳоларни асосан ижобий деб қайд этган.
Тадбиркорларнинг 64 фоизи жорий бизнес шароитлари ўтган йилнинг мос даврига нисбатан яхшиланганини билдирган. Бу кўрсаткич 2025 йил биринчи чорагидаги 56 фоиздан юқори бўлиб, бизнес ишончи барқарор сақланаётганини кўрсатади.
Сўров иштирокчилари банк хизматлари сифати, рақобат муҳити ва лицензия олиш жараёнлари яхшиланганини асосий ижобий омиллар сифатида қайд этган. Шу билан бирга, солиқ маъмурчилиги, энергетика таъминоти ва божхона тарифлари бўйича ҳолат ўтган йил даражасида қолган.
Ҳисоботга кўра, юк ташиш ҳажми, ишлаб чиқариш, буюртмалар ва қўшимча ишчи кучига талаб бўйича ижобий кўрсаткичлар ўсган. Буюртмалар кўпайганини билдирган тадбиркорлар улуши 57 фоизга етган. Бу жараён айниқса Тошкент вилояти, Навоий, Андижон, Наманган ва Хоразмда ишлаб чиқариш, туризм, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳалари ҳисобига кузатилган.
Ишчи кучига талаб ошганини қайд этганлар улуши 50,4 фоизни ташкил этди. Қурилиш, ишлаб чиқариш, туризм ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида қўшимча кадрларга эҳтиёж юқори бўлиб қолмоқда.
Шу билан бирга, кредит ресурсларига эҳтиёж сақланиб қолмоқда. Қурилиш, ишлаб чиқариш, маиший хизмат, қишлоқ хўжалиги ва умумий овқатланиш соҳаларида қўшимча молиялаштиришга талаб юқори экани қайд этилган.
Ҳисоботда барча ҳудудлар кесимида ҳам ижобий баҳолар қайд этилган. Фарғона водийсида тадбиркорларнинг 65 фоизи, Бухоро, Навоий ва Самарқанд ҳудудларида 63 фоизи, Қашқадарё ва Сурхондарёда эса 70 фоизи бизнес шароитлари яхшиланганини билдирган.
Умуман, тадбиркорларнинг 71 фоизи келгуси даврда макроиқтисодий шароитлар янада яхшиланишига ишонч билдирган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter