Мирзиёев: Ўзбекистон иқтисодиёти ҳажми бу йил 180 млрд доллардан ошиши кутиляпти
Президент Шавкат Мирзиёев V Тошкент халқаро инвестиция форумининг ялпи мажлисида сўзга чиқиб, мамлакат иқтисодиёти ва инвестиция муҳитидаги ўзгаришлар ҳақида тўхталди.
Давлат раҳбарининг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистонга 150 миллиард доллардан ортиқ хорижий инвестиция жалб қилинган бўлиб, шундан 123 миллиард доллари охирги беш йил ҳиссасига тўғри келади.
Президент ўтган йили мамлакат ялпи ички маҳсулоти 7,7 фоизга ўсгани, иқтисодиётга 43 миллиард доллар инвестиция киритилганини қайд этди. Шунингдек, халқаро захиралар ҳажми 70 миллиард доллардан ошган.
«Тўрт йил аввал Ўзбекистон ЯИМини 2026 йил якунига қадар 100 миллиард долларга етказишни мақсад қилган эдик. Бугун жадал суръатларда ўсиб бораётган иқтисодиётимиз бу йил 180 миллиард доллардан ошиши кутилмоқда», – деди давлат раҳбари.
Тошкент халқаро инвестиция форумида бу йил дунёнинг 100 мамлакатидан қарийб 4 минг нафар хорижий меҳмон иштирок этмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter