Ўзбекистон Афғонистонда картошка етиштириб, импорт қилмоқчи
Афғонистоннинг Бомиён вилоятида Ўзбекистон ва Афғонистон ўртасидаги аграр ҳамкорлик доирасида тажриба тариқасида экилган «Фонтане» навли картошка майдонларининг ҳолати ўрганилди.
Лойиҳа доирасида жами 17 гектар майдонга экспортбоп ҳамда саноатда қайта ишлаш учун мос, юқори ҳосилли картошка экилган. Экинлар Бомиённинг Шаҳидон, Фолодий ва марказий ҳудудларида жойлашган.
Маълум қилинишича, «Фонтане» нави юқори ҳосилдорлиги, узоқ муддат сақланиши ҳамда картошка фри ва бошқа қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқариш учун мослиги билан халқаро бозорда кенг қўлланилади.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси мутахассислари экин майдонларига ташриф буюриб, картошкаларнинг ривожланиш ҳолати, парвариш жараёни ва уруғлик сифати билан танишди. Шунингдек, маҳаллий мутахассислар иштирокида ҳосилдорликни оширишга қаратилган амалий маслаҳатлар ўтказилди.
Дастлабки кузатувларга кўра, экинлар яхши ривожланмоқда ва ҳар гектардан 40–45 тоннагача ҳосил олиниши кутилмоқда.
Агар лойиҳа кутилган натижани берса, ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ҳамда келгусида Бомиён вилоятидан Ўзбекистонга 300 минг тоннагача юқори сифатли картошка етказиб бериш режалаштирилган.
Мутахассислар ушбу ташаббус икки мамлакат ўртасидаги аграр кооперацияни мустаҳкамлаш, замонавий агротехнологияларни жорий этиш ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилишини таъкидламоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter