Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон заргарлик саноати янги босқич сари: «Uzbek Jewellery Fair – 2025» халқаро кўргазмаси очилди

Ўзбекистон заргарлик саноати янги босқич сари: «Uzbek Jewellery Fair – 2025» халқаро кўргазмаси очилди

Бугун пойтахтимизда «Uzbek Jewellery Fair – 2025» халқаро кўргазмасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда юртимиз ҳамда дунёнинг қатор давлатларидан ташриф буюрган меҳмонлар, соҳанинг етакчи мутахассислари ва тадбиркорлар иштирок этмоқда.

Ушбу кўргазма Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуслари билан амалга оширилмоқда. Мазкур тадбир миллий заргарлик саноатини жаҳон бозорида муносиб ўринга олиб чиқиш, халқаро ҳамкорликни кучайтириш ва соҳадаги илғор технологияларни жалб этишда муҳим ўрин тутади.



Сўнгги йилларда заргарлик саноатига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, 2024 йил 23 июлда қабул қилинган Президентимизнинг тарихий Фармони соҳада туб ислоҳотларни бошлаб берди.



Мазкур ҳужжатга асосан, заргарлик соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари учун солиқ ва божхона соҳаларида кенг қамровли имтиёзлар жорий этилди. Жумладан, қўшилган қиймат солиғидан озод қилиш, «Ўзбекзагарсаноати» уюшмасига аъзо корхоналарни ер ва мулк солиқларидан озод этиш, имтиёзли кредит линияларини очиш, хомашё – яъни олтин етказиб бериш бўйича қулай шарт-шароитлар яратиш каби чора-тадбирлар амалга оширилди.



Кўргазмада 100 га яқин компаниялар, жумладан, маҳаллий ва халқаро брендлар ўз маҳсулот ва хизматларини тақдим этмоқда. Хусусан, Италия, Испания, Германия, Туркия, Озарбайжон, Арманистон каби мамлакатлар компаниялари шулар жумласидан.



Тадбир доирасида заргарлик буюмларининг улгуржи ҳамда замонавий асбоб-ускуналар ва технологиялар савдоси амалга оширилмоқда.

Кўргазма савдоси 24-25 май кунлари ҳам давом этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг