Олтин арзонлашди: Ўзбекистон захираси 300 млн долларга камайди
Марказий банк маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 2026 йил 1 июн ҳолатига 70,58 миллиард долларга етган. Бу ўтган ойга нисбатан 307,3 миллион долларга кам кўрсаткич ҳисобланади.
Ҳисоботга кўра, ялпи халқаро захиралар ҳажмидаги пасайишнинг асосий омили олтин захиралари қийматининг тушиши бўлган. Май ойи давомида жаҳон бозорида олтин нархи бир трой унция учун 4 625,80 доллардан 4 516,85 долларгача пасайган.
Натижада мазкур омилнинг ўзи захиралар қийматига тахминан 1,5 миллиард долларлик салбий таъсир кўрсатган. Шу билан бирга, мамлакат халқаро захиралари ҳажми йил бошига нисбатан ҳануз юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Захиралардаги олтиннинг умумий қиймати 156,02 миллион долларга қисқариб, 61,43 миллиард долларни ташкил этган.
Бироқ қизиқ жиҳати шундаки, олтиннинг физик ҳажми камаймаган. Аксинча, май ойида мамлакат захираларидаги олтин миқдори 13,3 миллион трой унциядан 13,6 миллион трой унциягача кўпайган.
Бу ҳолат захиралардаги пасайиш олтин сотилиши эмас, балки жаҳон бозоридаги нарх ўзгаришлари билан боғлиқ эканини кўрсатади. Шу боис қиймат тушган бўлса-да, мамлакатнинг олтин активлари ҳажми ўсишда давом этган.
Ҳисобот даврида захираларнинг валюта қисми ҳам қисқарган. Хорижий валютадаги маблағлар ҳажми 8,72 миллиард доллардан 8,57 миллиард долларга тушган.
Ушбу маблағларнинг 5,72 миллиард доллари хорижий банклардаги депозит ҳисобварақларида сақланмоқда. Қолган 2,85 миллиард доллар эса хорижий эмитентларнинг қимматли қоғозларига жойлаштирилган.
Маълумот учун, 2026 йил бошида Ўзбекистоннинг олтин-валюта захиралари 66,31 миллиард доллар бўлган. Март ойида эса мазкур кўрсаткич тарихий рекордни янгилаб, 77 миллиард доллардан ошган эди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter