Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистонда креатив иқтисодиёт 145 триллион сўмга етказилади

Ўзбекистонда креатив иқтисодиёт 145 триллион сўмга етказилади

Фото: Президент матбуот хизмати

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маданият ва санъат соҳаси ходимлари билан учрашувида яқин йилларда креатив иқтисодиёт ҳажмини 145 триллион сўмга етказиш режаси маълум қилинди. Бу мақсад маданият ва санъат соҳаларида қўшилган қийматни ошириш орқали амалга оширилади.

Таъкидланишича, бу йўналишнинг ҳуқуқий асослари яратилган, шунингдек, Креатив индустрия парки резидентлари учун алоҳида солиқ режими жорий этилган. Айни пайтда Тошкент шаҳрининг Шайхонтоҳур тумани ва Нукус шаҳрида йирик креатив парклар қурилиши бошланган.

Сентябр ойида пойтахтда ишга туширилиши режалаштирилган Замонавий санъат маркази ҳам ёш ижодкорлар учун янги имкониятлар майдони бўлиши кутилмоқда. Давлат раҳбари креатив иқтисодиётни мамлакатнинг рақобатбардош соҳаларидан бирига айлантириш муҳимлигини таъкидлади.

Учрашувда миллий маҳсулотларнинг дизайн ва маркетинг салоҳиятини ошириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Бунинг учун ҳунармандларни халқаро кўргазмаларга кенг жалб қилиш ва нуфузли дизайнерлар билан ҳамкорликни кучайтириш вазифаси белгиланди.

Мутасаддиларга Европа, АҚШ, Жанубий ва Шарқий Осиё ҳамда Яқин Шарқ давлатларида миллий маҳсулотлар тақдимотини кенгайтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.

Президент, шунингдек, маданият ва санъат халқларни яқинлаштирадиган муҳим кўприк эканини таъкидлади. Наманганда ўтказилаётган Гуллар фестивалига 1,5 миллион нафар сайёҳ ташриф буюргани ва тадбир «Гиннесс рекордлар китоби»га киритилгани бунга мисол сифатида келтирилди.

Учрашувда маданият ва санъат соҳаси учун кадрлар тайёрлаш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Шу мақсадда умумтаълим мактабларида мусиқа, тасвирий санъат ва технология фанларини қамраб олувчи «арт» ўқув дастурини жорий этиш белгиланди.

Янги ўқув йилидан ҳар бир вилоятдаги 10 тадан мактабда ушбу тизим тажриба тариқасида йўлга қўйилади. Дастур доирасида бошланғич синфларда болалар ижодга қизиқтирилса, юқори синфларда дизайн, графика ва сунъий интеллект асосида креатив лойиҳалар ишлаб чиқиш ҳамда уларни тайёр маҳсулотга айлантириш кўникмалари ўргатилади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг