Самарқандда йилига 10 мингта транспорт воситаси ишлаб чиқарилади
Ўзбекистонда саноатни диверсификация қилиш доирасида янги йирик лойиҳага старт берилди. Президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Самарқанд вилоятида машинасозлик саноатини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар белгиланди.
Қарорда асосий мақсадлардан бири сифатида вилоятда машинасозлик кластерини шакллантириш ва унинг саноатдаги улушини 2030 йилга қадар 15 фоизга етказиш кўзда тутилган. Шу билан бирга, саноатда қўшилган қиймат улушини 40 фоизга олиб чиқиш режалаштирилган.
Ҳужжатга кўра, янги ташкил этиладиган машинасозлик саноат зонасида йилига 10 минг дона тижорат транспорт воситалари ишлаб чиқариш қувватлари яратилади. Улар қаторига юк автомобиллари, автобуслар, микроавтобуслар, пикаплар ва электрда ҳаракатланувчи транспорт воситалари киради.
Қарорга мувофиқ, машинасозлик саноат зонаси Каттақўрғон тумани ҳудудида 100 гектар майдонда барпо этилади.
Мазкур зонада фақат муайян тоифадаги транспорт воситалари ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолият юритиши мумкин. Жумладан, N, M2, M3, O ва L тоифаларига кирувчи транспорт воситалари ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари ва бутловчи буюмларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар рўйхатдан ўтказилади.
Машинасозлик саноат зонаси фаолияти «Самарқанд вилояти саноат зоналарини бошқариш дирекцияси» давлат муассасаси томонидан бошқарилади.
Шунингдек, электр транспорт воситалари ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш орқали экологик барқарорликни таъминлаш ҳам муҳим устувор йўналиш сифатида кўрилмоқда.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter