Андижонда «Soliq» иловаси орқали 35 млрд сўм кешбек талон-торож этилди
Андижон вилоятида бир гуруҳ шахслар томонидан «Soliq Mobile» иловаси орқали 35,1 млрд сўм маблағлар «Keshbek» сифатида талон-торож қилинганлиги фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Андижон вилояти бошқармаси томонидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда 6 нафар фуқаро ва бошқалар ўзаро тил бириктириб, фуқаро Ў.Қ.нинг номига 3 та, фуқаро Н.Ю.нинг номига 5 та ва Р.Х.нинг номига 1 та МЧЖ ташкил этиб, ушбу МЧЖлар ўртасида ҳеч қандай молиявий алоқалар амалга оширилмаган бўлса-да, компютер техникаси воситаларидан фойдаланган ҳолда 2026 йилнинг март-апрел ойларида жами 1,1 трлн сўмлик маҳсулотлар етказиб берилганлиги ҳақида сохта электрон ҳисоб-фактураларини расмийлаштирган. Улар гўёки савдодан тушган пул маблағларини онлайн назорат касса машиналари орқали кирим қилиб, фуқароларга сотилганлиги ҳақида харид чекларини чиқариб, жами 100 458 нафар фуқарога «Soliq Mobile» иловаси орқали «Keshbek» сифатида тўлаб берилганлиги оқибатида, 35,1 млрд сўм бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.
Ўз навбатида, Андижон вилояти солиқ бошқармаси масъул шахслари ва бошқалар юқоридаги МЧЖлар томонидан жами 1,1 трлн сўмлик ҳисобварақ-фактуралар расмийлаштирилганлиги ҳолатлари бўйича корхоналарнинг ҚҚС гувоҳномаларини бекор қилиш чораларини кўрмаган. Шунингдек шубҳали операциялар ҳақида департамент органларига хабар бермаганликлари маълум бўлган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, терговга тегишлилиги бўйича прокуратурага юборилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter