Баъзи докторантлар стипендияси 1,7 бараварга оширилади
Президентнинг «Янги авлод илмий кадрларини тайёрлаш ва уларни аттестация қилиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, 2026 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат бюджети ҳисобидан докторантура ва таянч докторантурада кадрлар тайёрлашнинг янги механизми жорий этилади.
Ҳужжатга кўра, докторантура учун ажратиладиган умумий қабул квотасининг камида 60 фоизи илмий кадрларга эҳтиёж юқори бўлган устувор йўналишлардаги ихтисосликларга йўналтирилади.
Энг муҳим янгиликлардан бири — дифференциал стипендия тизимининг жорий этилишидир. Энди устувор илмий ихтисосликларга қабул қилинган докторантларга базавий стипендиянинг 1,7 баравари миқдорида оширилган стипендия тўланади.
Фармонда тадқиқот ишларини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Устувор йўналишларда таҳсил олаётган докторантларнинг илмий фаолияти учун зарур асбоб-ускуналар харид қилиш мақсадида ҳар ой базавий стипендиянинг 30 фоизи миқдорида қўшимча маблағ ажратилади.
Шунингдек, таянч докторантуранинг биринчи ўқув йилида соҳавий махсус фанлар, илмий тадқиқот методологияси, академик ёзиш, статистика ва маълумотлар таҳлили бўйича махсус ўқув машғулотлари ташкил этилади.
Фармон билан илмий раҳбарларга қўйиладиган талаблар ҳам кучайтирилди. Энди илмий раҳбар докторантнинг ихтисослигига мос фан тармоғида илмий тадқиқот тажрибасига эга бўлиши шарт.
Бундан ташқари, олий таълимдан кейинги таълимга қабул қилишда тегишли фан йўналишлари бўйича миллий сертификатга эга талабгорларни мутахассислик фанидан имтиҳондан озод қилиш ва уларга автоматик равишда максимал балл бериш тартиби бекор қилинди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter