Бухорода ёнган уй маҳалланинг дардига айланди (видео, фото)
Тонгги соат тўққизга яқинлашганда Бухоронинг қадимий Шайхон маҳалласини кутилмаган гумбурлаш ларзага солди. Йиллар давомида йиғилган мол-мулк, келажак учун тикилган катта орзулар ва сармоя, тадбиркорлик режалари бор-йўғи 9 дақиқа ичида қоп-қора тутун остида қолди. Аммо олов ва қуюн ичида қолган бегуноҳ гўдакнинг омон чиқиши бу мудҳиш фожиадаги ягона таскин бўлди. Бугун ушбу оила култепа устида туриб, инсонийлик ва масъулларнинг ваъдасидан умид кутмоқда...
Жорий йилнинг 10 январ куни Бухоро шаҳридаги Шайхон маҳалласининг 116-хонадонида содир бўлган кучли портлаш нафақат шу хонадон, балки бутун маҳалла аҳлини ларзага солди. Тонг саҳарда юз берган бу ҳодиса катталарни ҳам, ҳали уйқудан тўлиқ уйғониб улгурмаган болаларни ҳам саросимага солди, ҳамма кўчага отилди.

Қўшнилардан бири ўша дақиқаларни ҳаяжон билан эслайди:
— Ҳатто қўрқиб, қалтираб қолганимиздан Фавқулодда вазиятларга телефон қилиб, зўрға гапирдик. Соат салкам 9 ларга яқинлашаётганда қўнғироқ қилдик. Овозимиз титраб, нима бўлганини тушунтиришга ҳаракат қилдик...

Бухоро вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Миржон Файзуллоевнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, соат 08:58 да вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасига ҳодиса ҳақида хабар келиб тушган. Соат 09:10 да 3 та ёнғин-қутқарув автоэкипажи воқеа жойига етиб келган.

Маълумотга кўра, ёнғин оқибатида яшаш уйи 80 квадрат метр майдонидаги жиҳозлари билан тўлиқ ёниб, кулга айланган. Аксига олиб шу куни кучли шамол ҳам кузатилган. Оқибатда шамол ҳовлининг ён томонида, яъни 30 квадрат метр майдонда жойлашган уйга ҳам учқунларни учириб, унинг деворлари жиддий талофат кўрган, томи ёниб кетган. Қуюн ва аланга бутун хонадонни қамраб олган. Фақат қутқарувчиларнинг тезкор ҳаракати туфайлигина ёнғин соат 10:10 да тўлиқ бартараф этилган.



Энг муҳими, ёнғин оқибатида ҳеч ким тан жароҳати олмади. Дастлабки тахминларга кўра, ёнғин яшаш хонасидаги газ печкаси дудбурони қисмидаги қизишнинг ёғоч қурилмаларга тарқалиши оқибатида келиб чиққан.
Ўрганишлар давомида ҳеч қандай жиноят аломатлари аниқланмаган. Шу сабабли Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддаси (Реабилитация учун асослар) 2-банди ҳамда 333-моддаси (Жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш)га асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.
«Ваҳимали гумбурлашдан музлаб қолдик...»
Хонадон бекаси Сайёра Сатторова ўша фожиали дақиқаларни кўз ёшлари билан эслайди:
— Ўша куни тонгда келиним намозини ўқиб, ишга чиқиб кетди. Ўғлим ҳам ўз уйидан кийиниб, ишга отланди. Орадан кўп вақт ўтмади. Нимадир сабаб билан ўғлим ортга қайтди. Мен қарама-қарши уйда хоналарни йиғиштириб юргандим. Бир пайт ваҳимали гумбурлашдан музлаб қолдик. Қулоқларим том битди. Бир зумда ҳаммаёқни тутун ва қуюн қоплади. Отилиб кўчага чиқдик. Шовқин-сурон, қий-чув... Қўни-қўшнилар югуриб келишяпти. Мен эса карахт бўлиб қотиб қолганман. Нима бўляпти, англолмайман. Токи 4-синфда ўқийдиган набирам қора қуюн ва тутун орасидан чинқириб, довдираб чиқиб келмагунча ўзимга келолмадим...
Унинг айтишича, айни ўша пайтда турмуш ўртоғи ҳовлидаги иссиқхонада ишлаётган бўлган. Ўзи эса икки нафар набираси билан қарама-қарши хонада гаплашиб турган. Энг аламлиси, бир нафар кенжа набираси портлаш содир бўлган хонада ухлаб ётгани саросимада ҳеч кимнинг хаёлига келмаган.
— Ҳамма ёнғинни ўчириш билан овора. Ким челаклаб сув ташияпти, ким тупроқ сочяпти. Бола ҳақида эса ҳеч ким ўйламади. Ғафлатда қолибмиз. Аммо Аллоҳга шукур, шу неъматимни қайтариб берди! — деди Сайёра Сатторова.
Тўққиз дақиқа ичида кулга айланган орзулар
Суҳбатдошимизнинг сўзларига кўра, барча мол-мулк, йирик миқдордаги пул маблағлари, тилла тақинчоқлар, қимматбаҳо буюмлар ва уй ҳужжатлари бор-йўғи 9 дақиқа ичида ёнғин култепаси остида қолиб кетган.
Маълум бўлишича, ушбу оила тадбиркорликни йўлга қўйиш, маҳалла хотин-қизларининг бандлигини таъминлаш мақсадида тижорат банкларидан бири орқали йирик миқдорда кредит олган. Бу маблағлар ҳисобига 6 та тикув машинаси ва бошқа жиҳозлар харид қилинган эди.
Афсуски, уй-жой билан бирга барча тикув машиналари ҳам ёниб кетган.
— Меҳнаткаш ва фаол оила маҳалламизда жуда хайрли ишни бошламоқчи эди. Кутилмаган ёнғин барчамиз учун катта қайғу бўлди. Аммо дўст оғир кунда билинади. Маҳалла аҳли бир тану бир жон бўлиб ёрдамга ошиқди. Энг муҳими, ҳеч бир жон талофат кўрмади. Ёнғиндан боланинг омон чиққанига шукр қилдик, — деди «Шайхон» МФЙ раиси Аваз Элбеков.
Маҳалла раисининг айтишича, ўзини таништиришни истамаган саховатпеша инсонлардан бири ушбу оилага яхшигина миқдорда ҳомийлик кўрсатган. Шу маблағ эвазига ёниб кетган ҳовли-жой қаршисидаги айвон ва битта хона томи вақтинча тикланди. Маҳалладошлар кўмаги билан олд айвон селофан билан тўсилдин.
Совуқ қиш ва синовли кунлар
Уй бекасининг турмуш ўртоғи: «Уйсиз, айвонсиз қолгач, қўшнилар, қариндошлар қараб туришмади. Совуқ кунларда набираларимиз вақтинча тоғасиникидан паноҳ топишди. Ўзимиз қишнинг ёғин-сочинли кунларини бир амаллаб ўтказдик. Бу ҳам бир синов экан. Қайғумизга шерик бўлганлардан миннатдормиз».
Маълум бўлишича, ушбу хонадонда яшаб келаётган мактаб ёшидаги 3 нафар бола ҳам мактаб кийим-кечаклари ва ўқув қуролларисиз қолган. Мактаб жамоаси уларга тезкор кўмак кўрсатиб, зарур кийим-бош ва ўқув қуроллари билан таъминлаган.
Кўмак масаласи ва расмий жараёнлар
Бухоро шаҳри ҳокимининг ўринбосари Маърифат Бақоева ушбу оила ҳолати содир бўлган кунданоқ эътиборда эканини билдирди. Унинг таъкидлашича, «Наврўз» умумхалқ байрами арафасидаги ҳашар бевосита шу хонадонда кенгроқ уюштирилиши режалаштирилган ва маҳалла аҳли бу ташаббусни қўллаб-қувватлаган.
— Ўша соатдаёқ ушбу хонадонга келдик. Маҳалла еттилиги билан ҳолат ўрганилди. Ижтимоий реестрга киритиш учун ариза берилди. Бироқ оиланинг даромади юқорилиги сабабли рад этилди. Лекин шунга қарамасдан, ушбу оилага кўмак кўрсатиш учун барча чора-тадбирлар қўлланилади, — деди маҳалла ижтимоий ходими Шоҳжаҳон Тўлаев.
Шоҳжаҳон Тўлаев 2025 йил 26 декабрда Вазирлар Маҳкамасининг 258-сонли қарори қабул қилинганини таъкидлади. Айни пайтда унинг ижроси бошланган бўлиб, табиий офатдан жабрланган ёки 1–2-гуруҳ ногиронлиги бор, шунингдек, боқувчисини йўқотган оилалар учун имтиёзлар яратилмоқда. Маҳалла еттилигининг хулосаси асосида тизимга ўзгартиш киритиш жараёни кетмоқда.
— Оилани киритиб кўрамиз. Агар дастур тортадиган бўлса, кўмак кўрсатилади, — деди у.
Бу фожиа бир оиланинг эмас, бутун маҳаллани қайғуга солди. Бир неча дақиқа ичида мол-мулк, орзу-умидлар, йиллар давомида йиғилган бойлик кулга айланди. Аммо энг катта бойлик — инсон ҳаёти сақланиб қолди.
Мутасаддилар ва масъуллар муносабатидан келиб чиқиб, ўйлаймизки, ёнғиндан жуда катта азият чеккан ушбу оила эътибордан четда қолмайди ва ваъдалар қоғозда қолиб кетмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter