Давлат тили бўйича маслаҳатчилар фаолияти тартибга солинди
Ҳукуматнинг 437-сон қарори билан республика даражасидаги давлат органлари ва хўжалик бирлашмалари марказий аппаратлари, шунингдек, ҳудудий ва туман-шаҳар ҳокимликларида маънавият ва давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчи фаолиятини ташкил этиш тартиби тасдиқланди.
Низомга кўра, маслаҳатчилар фаолиятини Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти мувофиқлаштиради ва уларга услубий раҳбарлик қилади.
Маслаҳатчи Департамент билан келишилган ҳолда тегишли давлат органи ёки ташкилоти, хўжалик бирлашмаси раҳбари томонидан лавозимга тайинланади ва озод этилади.
Маслаҳатчининг асосий вазифаларидан бири давлат органлари раҳбарлари ҳузурида давлат тилини ривожлантириш ҳамда географик объектларни номлаш масалаларини кўриб чиқиш ва қарорлар қабул қилишда иштирок этишдан иборат.
Шунингдек, маслаҳатчи раҳбарларнинг давлат тилини ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишларни такомиллаштиришга оид буйруқ, қарор ва кўрсатмалари ижросини назорат қилади.
Низом билан маслаҳатчиларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш, услубий раҳбарлик қилиш ва ҳисобдорлигини таъминлаш механизми ҳам белгилаб берилди.
Маслаҳатчиларнинг ҳисоботлари Давлат тилини ривожлантириш департаменти томонидан йилига камида бир марта эшитилади.
Тегишли давлат органлари ва ташкилотларида эса уларнинг ҳисоботлари ҳар чоракда мунтазам равишда кўриб чиқилади. Ҳисоботлар натижаси бўйича зарур чоралар кўрилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter