Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Иссиқ кунларда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли кунига 280 млн кВт·соатгача етиши кутилмоқда

Иссиқ кунларда Ўзбекистонда электр энергияси истеъмоли кунига 280 млн кВт·соатгача етиши кутилмоқда

Фото: Xabar.uz

Кутилаётган жазирама кунларда Ўзбекистонда электр энергиясига бўлган талаб кескин ортиши кутилмоқда. Бу ҳақда Энергетика вазирлигида ўтказилган Республика штаби йиғилишида маълум қилинди.

Қайд этилишича, яқин кунларда республика бўйича суткалик электр энергияси истеъмоли 280 миллион кВт·соат, электр тармоқларига тушадиган максимал юклама эса 13–13,3 ГВтгача етиши кутилмоқда.

Шу муносабат билан энергетика тизими корхоналарига электр узатиш тармоқлари ва подстанцияларнинг узлуксиз ишлашини таъминлаш, авариявий ҳолатларнинг олдини олиш ҳамда профилактик назоратни кучайтириш бўйича қўшимча топшириқлар берилди.

Йиғилишда ёз мавсумида истеъмолчиларни электр энергияси билан узлуксиз таъминлаш, энергетика объектларининг 24 соатлик иш режимига ўтказиш, авария бригадаларининг шайлигини ошириш ва режа асосидаги таъмирлаш ишларини жадаллаштириш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, Тошкент шаҳридаги айрим подстанцияларда кузатилган носозликлар ва улар оқибатида юзага келган авариявий узилишлар танқидий кўриб чиқилди. Йўл қўйилган камчиликлар учун айрим масъул раҳбарлар лавозимидан озод этилгани маълум қилинди.

Бундан ташқари, иссиқ об-ҳаво шароитида ёқилғи инфратузилмасида ёнғин ва саноат хавфсизлиги талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтириш, ҳаво ҳарорати юқори бўлган вақтларда суюлтирилган газни ортиш-тушириш ишларини вақтинча тўхтатиш бўйича топшириқлар берилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг