Гулга шайдо онахон, китоб “овчиси” ва чемодансиз сайёҳ...
Чорсудаги гул бозори ҳар фаслдан кўра гавжум. Онахоннинг ҳар бир гул номини — нимани яхши кўришинию, қаерда ўзини қулай ҳис қилишини атрофидагиларга эринмай тушунтираётгани диққатимни тортди. Сабаби онахон гул сотувчи эмас, харидор эди. “Гулни яхши кўрасизми ёки аввал гулчилик билан шуғулланганмисиз” дедим. “Йўқ гулчилик билан шуғулланмайман, шунчаки уларни яхши кўраман, кеча ўғлим, кўйлак олинг деб бир миллион сўм берганди, мен эса ҳаммасига гул олдим”, — дейди.
Ўша ерда юрган яна бир эркак суҳбатга қўшилади, шунақа аёллар ҳам борми “ўзингиз учун ишлатинг” деб ўғли пул берса кўйлак олмай гул оладиган.....
Онахон кулимсирайди: “ҳамма охирги мода кўйлак кийса, мени уйимда ҳеч кимда йўқ гуллар бор...”
Онахон билан яна озроқ суҳбатлашдик. Асли зоминлик экан, гул олмасаям шунчаки Тошкентга гул бозорни айланиш учун ҳам келиб кетаркан. Тошкентнинг қаерида қандай гул бозори бор, ҳаммасини номма-ном санайди... Кейин қайси иқлимда ўсимлик қандай ўсиши, айниқса тоғли ҳудудларда шаҳардаги баъзи гулларнинг барги ва танаси бошқача каттариб кетишини ҳам мароқ билан сўзлаб берди...
Дарҳиқат, атрофимизда ўзини қизиқтирган машғулот учун маблағини ва вақтини аямайдиган инсонлар талайгина. Нега баъзи инсонлар кўпчиликка исрофгарчиликдек туюладиган хоббиси яъни қизиқишлари учун пулни аямайди? Психологларнинг фикрича, бу шунчаки исрофгарчилик эмас, балки руҳий терапия экан.
Психолог Абрахам Маслоу инсон эҳтиёжлари иерархиясида энг юқори поғонага ўзини намоён қилиш ва эстетик эҳтиёжни қўяди. Онахоннинг бир миллион пулни кўйлакка эмас гулга сарфлаши, бу шунчаки харид эмас ички “мен”ини тан олиш эмасмикан? Биз кўпинча “ички мени”мизни фақат таом ёки кийим билан, яъни жисмоний даражада рози қилишга уринамиз. Аммо руҳ, аввало гўзаллик ва маъно билан тирик.
Машҳур педагог ва файласуф Рудольф Штайнер: “Инсон гулларга қараб, ўз қалбидаги энг яхши фазилатларни уйғотади” деганида, ўша оддий қишлоқ аёли гул парваришлаётганда аслида ўзи учун тинчлик, хотиржамлик ва яратиш завқини яратаётганига ишора қилмаганмикан?
Иқтисод илмида фойдалилик назарияси деган тушунча бор. Кўпчилик учун фойда, бу бирор буюмнинг неча йиллаб хизмат қилишида. Аммо маънавий иқтисодда фойда, бу инсоннинг руҳий мувозанатидир.
Корнелл университети тадқиқотчилари бир хулосага келган: одамлар моддий буюмлардан кўра, таассуротларга, завққа ва қизиқишларга сарфланган пулдан кўпроқ мамнун бўлади. Чунки буюмлар билан биз солиштирамиз, таассуротлар билан эса яшаймиз. Бу фақат гулга қизиқадиган одамларгагина тегишли эмас. Кимдир нодир китоблар йиғади, кимдир расм чизиш учун бўёқларга пулини аямайди.
Яна бир танишим бор, у энг ноёб китобларни топиб, шахсий кутубхонасига қўймагунча кўнгли жойига тушмайди. Унинг учун китоб шунчаки коллекция эмас, балки руҳий янгиланиш воситаси.
Файласуф Рене Декарт айтган эди: “Яхши китобларни ўқиш — ўтган асрларнинг энг ақлли инсонлари билан суҳбатлашиш демакдир”. Бу танишимнинг “китоб ови” аслида дунёнинг энг буюк донишмандлари билан юзма-юз келиш иштиёқидир.
Қолаверса библиофилия — китобга бўлган муҳаббат инсонга хавфсизлик ва мазмун ҳиссини беради. Хорхе Луис Борхес айтганидек: “Мен жаннатни доим кутубхона кўринишида тасаввур қилганман”.
Facebookда “Китобхонлар давраси” гуруҳи бор. Ўша гуруҳда китоб мухлислари янги нашр ёки таржима қилинган машҳур асарларни қанча пулга бўлса ҳам сотиб олмоқчи бўлганларини кузатишингиз мумкин. Кўпинча гуруҳда ота-онаси ёки яқинлари “ўзинг учун нимадир оласан”, дея совға қилишган пулга китоб сотиб олмоқчи бўлган ёшларни учратганингизда кўнглингиз ёришади. Яъни бу ёшларнинг пулдан ҳам қадрлироқ қадриятлар борлигини англаб яшаётгани беихтиёр қувонтиради одамни. Ва худди шундай кийим киймасаям, қиммат ресторанларга бормасаям китоб сотиб олишдан ўзини тўхтата олмайдиган инсонлар ҳам том маънода Маслоунинг эҳтиёжлар иерархиясининг энг юқори чўққисига чиқиб бораётганлардир.
Кейинги пайтларда саёҳатга чиқиш анча жонланди. Саёҳат қилиш деганда албатта ғилдиракли катта чемодан кўз олдимизга келади. Бу ердан кетишда ва борган мамлакатдан қайтишда ичини тўлдирмасак ҳисобмас. Аммо мен билган яна бир инсон саёҳатни бутунлай бошқача англайди. У саёҳатга катта чемоданлар билан эмас, атиги етти килолик рюкзак билан кетади. У на боришда, на қайтишда вақтини ва пулини турли матоҳларга сарфламайди. Унинг мақсади бозорма бозор юриб нарса йиғиш эмас, балки таассурот йиғиш. Бу ерда биз минимализм фалсафасини кўрамиз. Файласуф Сенека айтганидек: “Бойлик — бу кўп нарсага эга бўлиш эмас, балки кам нарсага эҳтиёж сезишдир”.
“Катта чемодан, бу оғир юк, бу қўшимча масъулият, қўшимча харажат ва жисмоний оғирлик”, — дейди унга илк бор катта-катта сумкаларсиз саёҳатчини кўриб туришимни айтганимда.
“Мен учун бир-иккита қулай кийим кифоя, диққат-эътиборимни кийинишга эмас, балки кўраётган янги шаҳарлар, тоғлар, табиат манзараси ва одамлар, урф-одатларга қаратаман. Ва қолаверса мен бу билан нафақат пулимни, балки энг қимматбаҳо ресурс вақтимни тежаяпман. Аэропортларда чемодан кутиш, уни кўтариш, қайтишда “кимга нима совға олсам экан”, деб бозор кезиш азобидан озодман.”, — дейди у аслида сайёҳатдан мақсад нима эканлигини менга чуқурроқ англатиш мақсадида.
Демак бу саёҳатчи танишим вақтини фақат ўзини англашга сарфлайди. У учун ички хотиржамлик моддий буюмлардан юқори туради...
Гулни яхши кўрадиган онахон, китоб йиғадиган китобхонлар ва оғир юксиз дунё кезган сайёҳ... Уларнинг ҳаммасини бир нарса бирлаштиради: улар ички менини ташқи ялтироқ нарсалар билан алдашни исташмайди.
Психолог Виктор Франкл таъкидлаганидек, инсон учун энг муҳими — ҳаётнинг маъносини топишдир. Кимдир учун бу маъно бир туп гулнинг очилишида, кимдир учун янги китобнинг илк саҳифасида, яна кимдир учун эса бегона шаҳарнинг тор кўчасида намоён бўлади.
Биз кўпинча кийимни ёки қимматбаҳо буюмларни ўзимиз учун эмас, бошқаларнинг назари учун сотиб оламиз. Бизни бой ва муваффақиятли, деб ўйлашларини истаймиз. Аммо юқоридаги уч қаҳрамонимиз бошқаларнинг фикридан юқори тура олган одамлардир.
Қолаверса бундай қизиқишлар, машғулотлар бугун ҳамма интернет ичида яшаётган бир пайтда инсонни экрандан узоқлаштиради.
Уларни кузата туриб шундай хулоса қилдим: ҳақиқий ҳашамат нафсимизни эмас, қалбимизни тўйдиришдир. Зеро, инсон бу дунёдан ўзи билан олиб кетадиган ягона нарса унинг руҳий бойлиги, таассуротлари ва қалбида ўстирган “гулбоғ”идир.
Сизнинг ички дунёйингиз бугун нимага ташна? Балки, қалбингиз миллионлик кийимни эмас, ўзини бахтли қиладиган кичик бир мўъжизани кутаётгандир? Тасаввур қилинг: сизда ҳозир ортиқча бир миллион сўм пулингиз бор, қайсидир қизиқишингизни ортга суриб келаяпсиз, балки шу бугун уни амалга ошириш учун имконият берилаётгандир... Унинг ортидан келадиган завқ, ҳузур ва янгиланишни бир тасаввур қилиб кўринг-а...
Барно Султонова


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter