Июл ойида истеъмол товарлари ва хизматлар нархи пасайиши кузатилди
Июл ойида Ўзбекистонда 0,1 фоизлик дефляция қайд этилди.
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг июл ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар нархлари ўртача 0,1 фоизга пасайиши кузатилди.
Йиллик истеъмол нархлари индекси (ИНИ) 106,4 % ни ташкил этиб, ўтган йилнинг шу ойига (2025 йил июл — 108,9 %) нисбатан 2,5 фоиз бандга пасайди.
Июль ойида озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўртача 0,91 % га пасайиб, ноозиқ-овқат товарлари 0,3 % га ҳамда аҳолига кўрсатиладиган пуллик хизматлар эса 0,5 % га қимматлашгани кузатилган.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан сабзи (12,6 %), узун бошоқли гуруч (6,4 %), юмалоқ бошоқли гуруч (6,1 %), мош (4,2 %), пиёз (1,7 %) нархларининг ошиши инфляцияга таъсир кўрсатди.
Асосий озиқ-овқат маҳсулотларидан инфляцияни пасайтирувчи омил сифатида бақлажон (-42,8 %), булғор қалампири (-39,4 %), помидор (-24,0 %), тарвуз (-20,3 %), картошка (-18,0 %), қовун (-14,5 %), шафтоли (-10,6 %), бодринг (-10,6 %), саримсоқ (-10,0 %), нок (-7,1 %), узум (-6,6 %), олма (-6,6 %), банан (-6,6 %) ва тухум (-5,0 %) нархларининг пасайиши муҳим ҳисса қўшди.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлар нархларидан АИ-98 ва АИ-100 маркали бензин (10,0 %), АИ-95 маркали бензин (8,5 %), АИ-92 маркали бензин (3,9 %) нархи ошиши кузатилди.
Шунингдек, хизматлар нархи ва тарифларида маиший чиқинди учун ҳақ тўлаш (2,7 %), мобил алоқа хизматлари (2,4 %), шаҳар автобусида йўл ҳақи (1,4 %) нархлари ошиши асосий омил бўлиб хизмат қилди.
Ҳисоб-китоблар учун 10 мингдан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш нуқталаридан 2 млндан ортиқ нархлар қайд этилган. 419 турдаги озиқ-овқат ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари ва 98 турдаги хизматлар нархлари кузатилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter