Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Мирзиёев Озарбайжон элчисига «Меҳнат шуҳрати» орденини топширди

Мирзиёев Озарбайжон элчисига «Меҳнат шуҳрати» орденини топширди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 22 июнь куни мамлакатимиздаги дипломатик миссиясини якунлаётган Озарбайжон Республикасининг Фавқулодда ва Мухтор элчиси Гусейн Гулиевни қабул қилди.

Учрашувда давлатимиз раҳбари элчининг Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги стратегик шериклик ҳамда иттифоқчилик муносабатларини мустаҳкамлашга қўшган муносиб ҳиссасини алоҳида қайд этди.

Сўнгги йилларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани таъкидланди. Олий ва юқори даражадаги мулоқотлар мунтазам тус олган, савдо-иқтисодий алоқалар сезиларли даражада кенгайган. Хусусан, кейинги йилларда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми бир неча баробар ошган, Озарбайжон капитали иштирокида 280 та корхона ташкил этилган ҳамда Қўшма инвестиция компанияси фаолияти йўлга қўйилган.

Шунингдек, геология, қишлоқ хўжалиги, транспорт, шаҳарсозлик, тўқимачилик, фармацевтика ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Маданий-гуманитар ҳамкорлик ҳам изчил ривожланиб, қатор қўшма дастурлар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

Учрашув якунида Президент Шавкат Мирзиёев Гусейн Гулиевга Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги кўп қиррали муносабатларни ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қўшган катта ҳиссаси учун «Меҳнат шуҳрати» орденини топширди.

Элчи ўз навбатида мамлакат раҳбарига дипломатик фаолиятига берилган юксак баҳо ва икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаб келаётгани учун миннатдорлик билдирди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг