Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Мурожаатлар ижросини кечиктирган 19 нафар амалдор ишдан олинди

Мурожаатлар ижросини кечиктирган 19 нафар амалдор ишдан олинди

Президентнинг 2026 йил 1 апрелдаги ПФ-51-сон фармони ижроси доирасида аҳоли мурожаатларини ўз вақтида ва сифатли кўриб чиқиш ҳолати ўрганилмоқда. Бу ҳақда Президент Халқ қабулхонаси маълум қилди.

Таҳлиллар давомида 41 та вазирлик, идора ва маҳаллий ҳокимлик томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари 1070 та ҳолатда бузилгани аниқланган. Шу муносабат билан масъул ташкилотлар раҳбарларига вазиятни зудлик билан бартараф этиш, айбдор ходимларга нисбатан чора кўриш ва келгусида бундай ҳолатларга йўл қўймаслик талаби билан назорат хатлари юборилган.

Ҳозирга қадар ўтказилган хизмат текширувлари натижасида 36 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди, яна 19 нафар ходим эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Мурожаатларни кўриб чиқиш муддатларини энг кўп бузган ташкилотлар ҳам маълум қилинди. Рўйхатда Андижон вилояти ҳокимлиги 137 та ҳолат билан биринчи ўринни эгаллаган.

Ундан кейин Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида 107 та, Сурхондарё вилояти ҳокимлигида 103 та қоидабузарлик қайд этилган. Шунингдек, «Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси»да 79 та, «Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси»да 65 та ҳолат аниқланган.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги 55 та, Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ва Оила ва хотин-қизлар қўмитаси 45 тадан, Наманган вилояти ҳокимлиги эса 44 та ҳолат билан энг кўп камчиликка йўл қўйган ташкилотлар қаторига кирди.

Шунингдек, ПФ-51-сон фармон талабларига риоя этмаган, 600 га яқин мурожаат бўйича муддат бузилишига йўл қўйган ҳамда аниқланган камчиликларни бартараф этмаган 13 та вазирлик ва идорага оид материаллар ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг