Наманганда 3,2 млрд сўмлик дори воситалари ёқиш йўли билан йўқ қилинди
Мажбурий ижро бюроси Наманган шаҳар бўлими томонидан қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқ равишда ижро ҳужжатларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида навбатдаги амалий тадбир ташкил этилди.
Ушбу тадбир доирасида суд ва бошқа ваколатли органлар қарорларига асосан муомаладан чиқарилган ҳамда йўқ қилиниши белгиланган маҳсулотларни бартараф этиш ишлари амалга оширилди.
Тадбирда тегишли давлат ва назорат органлари вакиллари иштирок этди. Бу эса жараённинг очиқ-ошкоралиги, қонунийлиги ва белгиланган тартибларга қатъий риоя этилган ҳолда ўтказилишини таъминлади.
Маълум қилинишига кўра, мазкур ижро ҳаракатлари доирасида жами 6 та ижро ҳужжати бўйича умумий қиймати 3,2 миллиард сўмни ташкил этувчи 340 турдаги дори воситалари ва тиббиёт ускуналари йўқ қилинди.
Ушбу маҳсулотлар белгиланган тартибда ёқиш ва тўкиш усуллари орқали бартараф этилди.
Йўқ қилинган дори воситалари ва тиббий буюмлар инсон саломатлигига хавф туғдириши мумкин бўлган, сифати кафолатланмаган ёки қонун талабларига зид равишда муомалага киритилган маҳсулотлар ҳисобланди. Шу сабабли уларни муомаладан чиқариш ва йўқ қилиш орқали аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ҳамда қонунбузарликларнинг олдини олишга алоҳида эътибор қаратилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter