Ўзбекистонликлар тиббий хизматларга 7 трлн сўмдан ортиқ маблағ сарфлади
Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг январ–апрел ойларида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш соҳасида кўрсатилган хизматлар ҳажми қарийб 7,3 триллион сўмни ташкил этган. Бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 15,1 фоизга юқори кўрсаткичдир.
Маълумотларга кўра, соғлиқни сақлаш соҳасидаги хизматларнинг 16,8 фоизи тиббий амалиёт ва стоматология хизматлари ҳиссасига тўғри келган.
Шунингдек, шифохона муассасалари хизматлари умумий ҳажмнинг 20,2 фоизини ташкил этган. Энг катта улуш — 63 фоиз эса бошқа турдаги соғлиқни сақлаш хизматларига тўғри келган.
Соғлиқни сақлаш хизматлари ҳажми бўйича Тошкент шаҳри мутлақ етакчилик қилди. Пойтахтда мазкур кўрсаткич 3,3 триллион сўмга етган бўлиб, республика бўйича умумий ҳажмнинг катта қисмини ташкил этган.
Кейинги ўринларда Тошкент вилояти (674,3 миллиард сўм), Самарқанд вилояти (549,2 миллиард сўм) ва Фарғона вилояти (488,1 миллиард сўм) қайд этилди.
Энг паст кўрсаткичлар эса Навоий вилоятида — 118,4 миллиард сўм, Қорақалпоғистон Республикасида — 126,5 миллиард сўм ва Сирдарё вилоятида — 134 миллиард сўмни ташкил қилди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter