Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Пойтахт бекатлари қайта аукционга чиқарилади – ҳокимлик расмийси

Пойтахт бекатлари қайта аукционга чиқарилади – ҳокимлик расмийси

ПҚ-368-сон қарор билан Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази ташкил қилинган бўлиб, ушбу ҳужжат билан Марказнинг асосий вазифалари, ҳуқуқ ва ваколатлари белгилаб берилган. Мисол учун, соҳага хусусий секторни жалб қилиш, Марказнинг асосий вазифаларидан бири.

Бугун, 12 март куни Тошкент шаҳри йўлларида «ақлли» чорраҳаларни ташкил қилиш ва пойтахт йўл тизимини рақамлаштиришга доир бўлиб ўтган матбуот анжуманида «Xabar.uz» мухбири Марказ бўлим бошлиғи Оллоёр Норбўтаевдан йўлларни рақамлаштириш жараёнларининг қайси бўғимларига хусусий секторни жалб қилиш ва ёки давлат-хусусий шериклик лойиҳалари асосида ишлаш режалаштирилаётгани ҳақида сўради.

– Тизимнинг кўплаб бўғинларида хусусийлаштириш ёки давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳалар қилиш белгиланган. Мен уларнинг айримларига тўхталиб ўтишим мумкин.

Масалан, бекат ва йўл бўйи пулли автотураргоҳларни ҳам аукционга чиқариш белгиланган. Унга кўра, келгусида Тошкент шаҳрида автобус бекатларининг намунавий лойиҳаси ишлаб чиқилади ва унда йўловчилар, шу жумладан, аҳолининг имконияти чекланган гуруҳлари учун қулай шарт-шароитлар яратилиши инобатга олинади. Мазкур бекатлар жойлаштириладиган ер майдонлари эса электрон онлайн аукцион савдолари орқали тадбиркорлик субъектларига ижара ҳуқуқи асосида вақтинчалик фойдаланишга берилади, – деди О.Норбўтаев.

Ҳокимлик расмийсининг таъкидлашича, тадбиркорларга мазкур бекатларда фақатгина реклама воситаси, банкоматлар ва озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишга мўлжалланган ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматларини жойлаштиришгагина рухсат этилади.

– Янги ва реконструкция қилинадиган бекатлар жойлаштириладиган ер майдонларида савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектларини жойлаштириш эса тақиқланади. Ўзига ўзи хизмат кўрсатиш (вендинг) автоматлари бундан мустасно, – дейди Марказ бўлим бошлиғи.

Шунингдек, вилоятлардан Тошкент шарига кириб келадиган транспортлар нуқталарида ва замонавий транспорт-ўтиш боғламалари ташкил этилиши ва ушбу транспорт-ўтиш боғламаларида давлат-хусусий шериклик асосида тадбиркорлик субъектлари маблағлари ҳисобидан автотураргоҳлар ташкил этилади.

Маълумот учун, мазкур Марказ устав капиталининг дастлабки миқдори 90 миллиард сўмни ташкил этади, шундан 50 миллиард сўми республика бюджети маблағлари ҳисобидан Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига бир йиллик муддатга тақдим этиладиган ссуда ва қолган 40 миллиард сўми Тошкент шаҳрини ривожлантириш жамғармаси маблағлари ҳисобидан шакллантирилади.

Марказ устав капиталидаги 100 фоиз улуш Тошкент шаҳар ҳокимлигига тегишли бўлади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг