Қўйлиқ бозорининг бир қисми электр таъминотидан узилди
Тошкент шаҳрининг Бектемир туманида жойлашган Қўйлиқ деҳқон бозорининг бир қисми электр таъминотидан узилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар Фавқулодда вазиятлар бош бошқармаси хабар берди.
Давлат ёнғин назорати томонидан ўтказилган текширувлар давомида бозор ҳудудида ёнғин хавфсизлиги талабларининг бир қатор бузилишлари аниқланган. Таъкидланишича, ушбу камчиликлар ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлиши ҳамда фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мол-мулкига хавф туғдириши мумкин.
Шу сабабли бозор ҳудуди электр таъминотидан қисман узилган. Мақсад юзага келиши мумкин бўлган йирик ёнғинларнинг олдини олиш ҳамда фуқаролар хавфсизлигини таъминлашдан иборат.
Бозор маъмурияти томонидан аниқланган барча камчиликлар бартараф этилгач, ҳудуднинг электр таъминоти тикланади ва бозор фаолияти тўлиқ қайта йўлга қўйилади.
Ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя этиш юзасидан назорат тадбирлари пойтахтнинг бошқа ҳудудлари ҳамда республика бўйлаб ҳам давом эттирилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter