Қурбон нега идеал бўлиши керак ёхуд «адолатли дунё иллюзияси»

Фарғона вилоятининг Фурқат туманида ички ишлар ходимлари томонидан таҳқирланган аёл Гулираъно Қосимова «Кун.уз» сайтига интервью берди. Ва жамоатчиликнинг аксар қисми зўравонликни эмас, аёлнинг ўзини турли гумонлар билан айблашга уринишлар кузатилди. Мақола воқеа ҳақида эмас, жамоатчиликнинг ушбу ҳолатга муносабати ҳақида. Шу куни жамият бир неча гуруҳга бўлинди: зўравонни қоралаганлар, аёлни айблаганлар, гумону шубҳага ботганлар...
Гумон бу шунчаки оддий халқ ибораси эмас, психологияда, социологияда ва ҳатто сиёсатшуносликда ўрганилган феномен! Гумон нафақат инсонни масхара қилади, балки жабрланувчини ҳам айбдорга айлантиради, том маънода гумон заиф ҳуқуқий тафаккурнинг меваси. Қолаверса, бежизга «гумон иймондан айиради», дейишмайди-да.
«Нега пулни сўраш учун уйига боради», «нега телефон орқали сўрамайди», «балки аёлга солиқ бошлиғи ички ишлар ходимлари таклиф қилган пулдан ҳам кўпроқ пул таклиф қилгандир...»
Худди шундай бўлди, аёл таҳқирланди, аммо жамият унинг хатти-ҳаракатини таҳлил қилишга тушиб кетди. «Нега эркак билан учрашади, нега ёлғиз боради...» Бу классик патриархал ёндашувда аёл қурбон эмас, «шубҳали шахс»га айланди. Бу жамиятда аёлнинг шаъни ҳимояга арзимайдиган нарса сифатида қабул қилинаётганини кўрсатади. Одамлар аёлнинг нега у ерда бўлганини муҳокама қилиб, асосий жиноятни иккинчи даражали қилиб қўймоқда.
Зўравонликнинг ҳар қандай кўринишида биз бундай айблов ва гумонларга доимо дуч келамиз, «балки ўзи айбдордир, балки хиёнат қилгани учун эри уни ўлдиргандир...»
Қурбонни айблаш ижтимоий психологияда (victim blaming) деб номланади — қурбоннинг хатти-ҳаракатлари, кийими ёки қарорлари таҳқирланади, воқеанинг айбловчиси эмас, қурбоннинг ўзи айбдор эканлиги ҳақида тасаввур шаклланади. Ҳозир айни пайтда аёлнинг шахсий ҳаётига қизиқатёганлар, унинг кийиниши ва юриш туришини кузатувга олишга шайлар «йўлга чиққан» бўлса ажаб эмас.
Бу қандай ижтимоий оқибатларга олиб келади?
Тадқиқотчилар фикрича, бундай вазиятда қурбон жамиятдан ўзини изоляциялайди, даъво қилмайди, адолат кутмайди. Жамиятда pattern-шаблон шаклланади: «хатолик қурбоннинг ўзида», натижада бошқа жабрдийдалар ҳақиқат учун кураша олмайди, овозини ўчириб юришга мажбур.
Жамиятимизда жабрланувчи гумон ва шубҳада қолмаслиги учун қандай критерияларга яъни талабларга жавоб бериши керак? Норвегиялик криминолог, ёзувчи Нилс Кристи таъкидлаганидек: «Жамият фақат «пассив, бегуноҳ, идеал» қурбонга ишонади. Яъни ишончга лойиқ қурбон фақат пассив, бегуноҳ, идеаллаштирилган аёл образига мос келгандагина жамият томонидан ҳимоя қилинади Агар жабрланувчи бу образга мос келмаса, унинг ҳақиқатини эшитишмайди, унинг сўзи ҳатто далиллар бўлган тақдирда ҳам шубҳа остида қолади. Гулираъно Қосимова кейсида шуни кўриш мумкин, у ўқимишли, ёш, ўз ҳақ-ҳуқуқини билади, бечора ва ғариб кўринмайди. Агар шу аёл ўрнида кекса бир шахс, жамиятнинг энг оддий қатламидан, ана борингки ейишга нони йўқ камбағал бўлганида эди ҳақиқий идеал қурбон ҳисобланарди... Мақолада айтмоқчи бўлган гапларимиз булар ҳам эмас.
Мақсадимиз одамлар нимага ҳақиқат учун курашишдан ҳам кўра қурбоннинг ўзини айблашга мойиллиги ҳақида, «адолатли дунё гепотезаси» (Just-World Hypothesis) яъни адолатли дунё иллюзиясига барҳам бериш ҳақида.
Just-world hypothesis назариясини 1960 йилларда америкалик психолог Meлвин Ж. Лернер асослаб берган. Унинг тадқиқотларига кўра, инсонлар фожеа ва зўравонлик ҳолатларини кўрганда воқеани объектив таҳлил қилишдан кўра, қурбоннинг хатти-ҳаракатида «мантиқ» излашга мойил бўлади, шу орқали ўзларининг хавфсизлик ҳиссини сақлайди. Лернернинг классик экспериментларидан бирида томошабинлар бошқаларнинг азоб чекканини кўришган ва вақт ўтиши билан уларнинг кўпчилиги «демак, бу одам шундай жазога лойиқ» деган хулосага келган. Негаки, агар жабрланувчи бегуноҳ бўлса бу ҳар биримизнинг хаёлимизга «эртага мен билан ҳам шундай бўлиши мумкин», деган қўрқинчли ҳақиқатни келтиради. Шу қўрқувдан қочиш учун одамлар жабрланувчини айблайди, ўзини эса «хавфсиз» ҳис қилади. Бу мутахассисларнинг тили билан айтганда психологик ҳимоя механизми.
Ҳаттоки, шу кейс билан боғлиқ постларга қолдирилган изоҳлар орасида «мен номуслиман, бундай ҳолат мен билан юз бермайди» деган фикрларни ҳам учратиш мумкин. Яъни зўравонликка ва таҳқирланишга номуссиз одамлар лойиқ деган маънони кўрамиз.
«Мен у ҳолатга тушмайман, чунки мен у каби хато қилмайман», деган фикр иллюзияни сақлаб қолади ва ҳаётда яшаш хавфсиздек кўринади. Мана шу ерда жиноятчилар ўзини эркин ҳис қила бошлайди. Чунки қурбоннинг ўзи шунга шароит яратиб берди, ахир қурбон шундай жазога лойиқ...
Яна бир томони одамлар онги хаосни ёқтирмайди. Ҳар бир фожеа, ноҳақлик онгда «адолатли дунё» тасаввурига зарба беради. Шунинг учун одамлар: «Унинг бошига шундай иш тушиши бекорга эмас…», «Демак, у ҳам бир жойда хато қилган» деган гумонларга боради, ҳатто ўзи борган шубҳа-гумонлардан хотиржам тортади.
Айтайлик зўравонлик қурбони бўлган аёл ҳақида: «Ўзи ёмон йўлда юргани учун жавобини олди»...
Қашшоқ одам ҳақида: «Улар меҳнат қилмагани, учун шундай қашшоқ бўлиши керак»...
Болаликда зўравонликка учраганлар ҳақида: «Ўзи ҳам айбдор бўлган» деган қараш...
Бу адолатни излаш эмас, адолатли дунё иллюзиясини сақлаб қолиш учун онгда туғилган гумондир.
Натижада нима бўлади?
Жамиятда қурбонлар иккинчи марта жабр чекади — илк фожеадан ва иккинчи марта жамоат гумони, айблови...дан. Иккинчи чекаётган жабри, психологик босим қурбонни баттар чорасиз қолдиради.
1970 йилларда АҚШда зўравонлик қурбонларини айблаш одатий ҳол бўлган. Аммо кейинги ўн йилликларда оммавий муҳокама ва ҳуқуқий ислоҳотлар бу тенденцияни бузди. Қурбонни айблаш феноменига қарши жамоатчилик кампаниялари ўтказилди. RAINN каби ташкилотлар қурбонни ҳимоя қилувчи медиа қарашларни кучайтирди.
Швецияда 1980 йилларда қурбонни гумон қилиш нафақат ахлоқан, балки ҳуқуқий жиҳатдан ҳам қабул қилинмайдиган ҳолга келди. Полицияда махсус «victim support units» ташкил этилди ва тергов жараёнида қурбонни айбловчи саволлар тақиқланди.
Францияда аёлларга қарши зўравонликка оид жамоатчилик фикрини ўзгартириш учун катта миллий медиакампаниялар ўтказилган. Давлат органлари жавобгарликка тортиладиган ҳолатлар оммавий муҳокама қилинади, жамият гумон билан эмас, тизим айбдорлигини муҳокама қилади. Канада таълим тизимида махсус дастурлар орқали гумон ва айбловга қарши таълим берилади. Мактаб ва университетларда «жабрланувчини айблаш —зўравонликни қўллаб-қувватлаш» деб тушунтирилади.
Германия суд жараёнларида жабрланувчи психологик ҳимоя олади, унинг шахсий ҳаёти муҳокама объекти бўлиши мумкин эмас. Бу одамлар орасида «айб қурбондан бошланади», деган ёндошувни йўқотган.
Иллюзиядан реалликка ўтиш ҳар қандай жамият учун оғриқли босқич. Аммо айнан шу босқичдан ўтган мамлакатларгина қурбонни айблаш маданиятидан воз кечиб, ҳақиқий ҳуқуқий давлатга айланган. Улар бундай зўравонликлардан хато қилса ҳам, қилмаса ҳам, фариштадек оппоқ бўлса ҳам кафолатланмаганини аллақачон тушуниб етишган. Адолатли дунёни миясида эмас реал ҳаётида қуриш учун ҳаракат қилишмоқда...
Тасаввур қилинг...
Гумончилар, қораловчилар, айбловчилар интиқлик билан кутганидек, жабрланувчининг хатолари далиллар билан келтирилса ҳам бу унинг инсоний қадр-қимматини топтаган зўравонликни оқламайди. Бу ҳолатда муҳокама қилиниши керак бўлган нарса аёлнинг шахсий ҳаёти эмас, тизим ичида зўравонликка йўл қўйилгани ва жамиятнинг унга жавобсиз қараётганидир.
Адолатли дунё иллюзиясини йўқотиш жамият учун шок. Аммо шундай «тарсакиларсиз» ислоҳот бўлмайди. Агар айбни қурбондан изласак, жиноятчилар зўравонлик қилишда давом этаверади.
Гап аёлнинг нима қилганида эмас — унинг таҳқирланганида!
Жуда кўпчилик изоҳларда аёлнинг ҳаттоки кийиниши тилга олинган.
Бу эса шаън ва қадр қимматни камситиш ва ҳуқуқ бузилиши ҳисобланади. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13, 27 ва 48-моддаларида инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланиши, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиши ҳамда фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари қатъий белгилаб қўйилган.
Қолаверса, Ўзбекистон Республикаси «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги Қонунининг (янги таҳрирда) 6-моддасига кўра, оммавий ахборот воситалари орқали фуқароларнинг шаъни ва қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини таҳқирлаш, шахсий ҳаётига аралашиш тақиқланиши белгиланган.
Қанийди, айни пайтда Гулираъно Қосимова унинг қадр-қимматини камситиб ёзганларни, шаънини булғашга уринаётганларнинг ҳар бирини биттама-битта судга берса... ва биз уни шубҳа-гумонларсиз қўллаб-қувватласак ёки адолатли дунё иллюзиясига ишониб яшашда давом этаверамизми?
Барно Султонова
Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter