Рақобат қўмитаси букмекерлик рекламаларига қарши огоҳлантириш берди
Ўзбекистон Рақобат қўмитаси 2026 йил футбол бўйича жаҳон чемпионати бошланиши олдидан ижтимоий тармоқлар, интернет сайтлари ва Telegram каналларида букмекерлик хизматлари ҳамда қимор ўйинларини тарғиб қилувчи материаллар тарқалиши фаоллашганини маълум қилди.
Қўмитага кўра, йирик спорт мусобақаларига бўлган қизиқиш айрим шахслар томонидан фуқароларни букмекерлик платформаларига жалб қилиш воситаси сифатида қўлланилмоқда. Бунда спорт натижаларига пул тикиш, қисқа вақтда даромад топиш ёки катта ютуққа эришиш ҳақидаги ваъдалар орқали аҳоли таваккалчиликка асосланган ўйинларда иштирок этишга ундалмоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистоннинг «Реклама тўғрисида»ги Қонуни 46-моддасига мувофиқ қимор ўйинлари ва таваккалчиликка асосланган бошқа ўйинларни, жумладан интернет ва телекоммуникация тармоқлари орқали ташкил этиладиган хизматларни реклама қилиш тақиқланган.
Қўмита букмекерлик хизматлари ва қимор ўйинларини тарғиб қилиш, уларнинг рекламасини тайёрлаш, жойлаштириш, тарқатиш ёки оммалаштириш амалдаги қонунчиликка мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлигини таъкидлади.
Маълум қилинишича, айрим шахслар ўз фаолиятини аноним тарзда юритиш, сохта аккаунтлар ва тахаллуслардан фойдаланиш ҳамда хорижий платформалар орқали реклама тарқатишга уринмоқда. Бироқ бундай усуллар ҳам қонунчилик назоратидан четда қолмаслиги қайд этилди.
Шунингдек, Рақобат қўмитаси интернет тармоғи, ижтимоий медиа платформалари ва бошқа ахборот ресурсларида жойлаштирилаётган реклама материаллари юзасидан тизимли мониторинг ва таҳлил ишларини олиб бораётганини билдирди.
Қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган тақдирда тегишли маълумотлар ваколатли давлат органларига юборилади. Хусусан, материаллар Ўзбекистон Ички ишлар вазирлигининг киберхавфсизлик бўлинмаларига қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш учун тақдим этилади.
Рақобат қўмитаси фуқароларни букмекерлик хизматлари ва қимор ўйинларини тарғиб қилувчи шубҳали реклама материалларига ишонмасликка, уларни тарқатмасликка ҳамда бундай ҳолатлар ҳақида ваколатли органларга хабар беришга чақирди.
Таъкидланишича, қонунчилик талабларига риоя қилиш, ноқонуний рекламалар тарқалишининг олдини олиш ва фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш барча иштирокчиларнинг умумий масъулияти ҳисобланади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter