Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Самарқандда иқлимга чидамли инфратузилмани ривожлантириш учун грант имкониятлари тақдим этилди

Самарқандда иқлимга чидамли инфратузилмани ривожлантириш учун грант имкониятлари тақдим этилди

“Eco Expo Central Asia 2026” халқаро кўргазмаси доирасида “Инфратузилманинг барқарорлигини ошириш учун грант имкониятлари: Италиянинг NBS-IA ташаббуси” мавзусидаги сайд-тадбир бўлиб ўтди. Тадбир Марказий Осиё мамлакатларида инфратузилманинг иқлимий барқарорлигини ошириш учун табиатга асосланган ечимларни жорий этиш масалаларига бағишланди.

Тадбир давомида БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) дастур менежери Чженчжен Сюй “Nature-Based Solutions Innovation Accelerator” (NBS-IA) ташаббусини тақдим этди. Ушбу ташаббус Италия Атроф-муҳит ва энергетик хавфсизлик вазирлиги раҳбарлигида UNEP ҳамда Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Таъкидланишича, ташаббус ривожланаётган мамлакатлар ва шаклланаётган иқтисодиётга эга давлатларда муҳим инфратузилманинг барқарорлигини оширишга қаратилган инновацион табиатга асосланган ечимларни (Nature-based Solutions – NbS) ишлаб чиқиш ва жорий этишни қўллаб-қувватлайди.

Тадбирда Марказий Осиё мамлакатлари дуч келаётган иқлимий муаммоларга алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, қурғоқчилик, сув тошқинлари, музликларнинг эриши ва чўлланиш каби жараёнлар минтақанинг транспорт, сув хўжалиги ва энергетика инфратузилмасига бевосита таъсир кўрсатмоқда.

Иштирокчилар ўрмонлар, сув-ботқоқ ҳудудлари, яйловлар ва бошқа табиий ҳудудларнинг экотизим функцияларидан фойдаланишга асосланган табиатга йўналтирилган ечимларнинг салоҳиятини муҳокама қилдилар. Бундай ёндашувлар иқлимий хавфларни камайтириш, инфратузилманинг барқарорлигини ошириш ва биологик хилма-хилликни сақлашга хизмат қилади.

Муҳокамалар давомида NBS-IA ташаббуси билан минтақада амалга оширилаётган дастур ва стратегиялар ўртасидаги ҳамкорлик имкониятлари, шунингдек, табиатга асосланган ечимлар соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди. Шунингдек, пилот лойиҳаларни тайёрлаш, ташаббусларни саралаш мезонлари, аризаларни топшириш механизмлари ҳамда муваффақиятли экологик амалиётларни кенг миқёсда жорий этиш учун минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мазкур сайд-тадбир барқарор инфратузилма ва иқлим ўзгаришларига мослашиш соҳасида давлат идоралари, халқаро молиявий институтлар, илмий ҳамжамият ҳамда фуқаролик жамияти ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлаш учун муҳим платформа бўлиб хизмат қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг