Санэпидқўмита: Эбола вируси Ўзбекистон учун юқори хавф туғдирмаяпти
Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси Эбола вируси бўйича мамлакатдаги эпидемиологик вазият барқарор эканини маълум қилди.
Қайд этилишича, Эбола вируси асосан Африка қитъасида учрайдиган оғир юқумли касаллик бўлиб, у касалланган одам ёки ҳайвоннинг қон ва бошқа биологик суюқликлари орқали юқади.
Маълумотларга кўра, жорий йилда Африкада Эбола билан касалланишнинг 263 та тасдиқланган ҳолати қайд этилган. Эпидемиянинг асосий ўчоғи Конго Демократик Республикаси ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Эбола вирусининг глобал пандемияга айланиш эҳтимолини паст деб баҳоламоқда. Шунингдек, касалликнинг Ўзбекистонда тарқалиш хавфи ҳам паст экани таъкидланган.
Қўмита маълум қилишича, вируснинг мамлакатга кириб келишининг олдини олиш мақсадида давлат чегараларида келаётган фуқаролар тиббий кузатувдан ўтказилмоқда.
Мутахассислар фуқароларни Эбола вируси фаол тарқалган давлат ва ҳудудларга сафар қилмасликка чақирган.
Шу билан бирга, қуйидаги эҳтиёт чораларига амал қилиш тавсия этилган:
- ёввойи ҳайвонлар билан мулоқотдан сақланиш;
- экзотик ва хом гўшт маҳсулотларини истеъмол қилмаслик;
- касаллик аломатлари бўлган шахслардан узоқ юриш;
- қўлларни тез-тез ювиш ва дезинфекция қилиш;
- фақат қайнатилган ёки қадоқланган сув истеъмол қилиш.
Шунингдек, эндемик ҳудуддан қайтган фуқаролар 21 кун давомида соғлиғини кузатиб бориши, иситма, ҳолсизлик, қусиш ёки диарея кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилиши кераклиги айтилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter