«Шармандали маҳалла» ва «Уятли хонадон»: «ғаройиб» ғоя ўйлаб топиш навбати Чиноз ҳокимига келди
Яқинда ижтимоий тармоқда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани ҳокими хонадонлардан бирига кириб, уйнинг санитар ҳолатини танқид қилгани, уйдаги музлатгични очиб, текширгани ва уй эгасига тозаликка амал қилмагани учун жарима солишни буюргани акс этган видео тарқалганди. Воқеа жамоатчилик томонидан кенг муҳокама қилиниб, Шаҳрисабз ҳокими кўплаб танқидларга учради. Коррупцияга қарши кураш агентлиги унга нисбатан хизмат текшируви ўтказишни талаб қилди. Эндиги навбат Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокими Шерзод Солиҳовга келган кўринади.
Ҳоким туманнинг Бирлик маҳалласидаги ободонлаштириш ишлари қониқарсиз экани сабабли ҳудудни «шармандали маҳалла» деб эълон қилди. Ишчилардан бирига кўзга кўринадиган жойга «Шармандали маҳалла» деган ёзувни ўрнатишни топширди. Мазкур ҳолат акс этган видео туман ҳокимлигининг Telegram-каналида эълон қилинди, аммо бироз вақтдан сўнг ўчириб юборилди.
Туман ҳокими йўл бўйида жойлашган Бирлик маҳалласи вилоят ҳокими топшириғи билан таянч маҳалла сифатида танланганини айтган. Бироқ ўрганиш давомида маҳаллада гул ва райҳон экилмагани, ўтлар ўриб олинмагани ҳамда ўрилган ўтлар ҳудуддан олиб чиқилмагани қайд этилган.
Ҳудуддаги ободонлаштириш ишлари, санитария ҳолати, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш ва белгиланган вазифалар ижроси қониқарсиз деб баҳоланган.
Маҳаллаларга бириктирилган корхона ва ташкилотлар раҳбарларига ҳудудларни шахсан назорат қилиш, ободонлаштириш ишларини жадаллаштириш ҳамда бажарилган ишлар юзасидан фотоҳисобот тақдим этиш буюрилган.
Шунингдек, видеотасвирда ҳоким камчиликларни ўз вақтида бартараф этмаган айрим хонадонларга «Уятли хонадон» ёзуви осиб қўйилиши мумкинлигини ҳам айтган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter