Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Судьялар даромад ва мол-мулкини декларация қилади

Судьялар даромад ва мол-мулкини декларация қилади

Ўзбекистонда суд тизимида коррупцияга қарши курашиш чоралари кучайтирилмоқда. Президент фармонига кўра, судьялар даромадлари, мол-мулки ва манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари бўйича декларация тақдим этиши мажбурий этиб белгиланмоқда.

Ҳужжатга мувофиқ, Судьялар олий кенгаши 2026 йил 1 сентябрга қадар судьялар томонидан даромадлар ва мол-мулк тўғрисидаги декларацияларни қабул қилиш, текшириш ва таҳлил қилишнинг автоматлаштирилган электрон тизимини ишга туширади.

Шунингдек, судьялар манфаатлар тўқнашуви ҳолатларини ҳам электрон тарзда декларация қилиши керак бўлади. Тақдим этилган маълумотларни текшириш ва таҳлил қилиш ҳам рақамли тизим орқали амалга оширилади.

Фармонда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича қатор янги механизмлар ҳам назарда тутилган. Хусусан, суд аппаратида Комплаенс назорат хизмати ташкил этилади, коррупциявий хавф-хатарлар мунтазам баҳолаб борилади ва суд ходимлари ҳамда уларнинг оила аъзолари учун декларация тизими жорий қилинади.

Мазкур чоралар суд тизими шаффофлигини ошириш, коррупциявий хавфларни камайтириш ва аҳолининг судларга бўлган ишончини мустаҳкамлашга қаратилган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг