Тадбиркор бошпанасиз бўлган 5 та оилани уй-жой билан таъминлади
Рамазон ойида Бухоро туманида ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини қўллаб-қувватлашга қаратилган амалий ташаббус рўёбга чиқарилди. Маҳаллий тадбиркорлар томонидан қурилган икки қаватли турар-жой мажмуаси 5 та эҳтиёжманд оилага топширилиб, уларнинг уй-жой шароитини яхшилаш ҳамда бандлигини таъминлашга хизмат қилувчи инфратузилма яратилди.
Туманнинг «Боғидашт» маҳалласида аввал қаровсиз ётган, ташландиқ аҳволдаги ер майдони бугун мутлақо янги қиёфага кирган. Маҳаллий тадбиркор, «Жаннат ишқида» МЧЖ раҳбари Феруз Тўраев бошчилигидаги саховатпеша инсонлар саъй-ҳаракатлари билан бу ерда барча қулайликларга эга бўлган икки қаватли мўъжаз турар жой мажмуаси барпо этилган.
Мазкур хайрли иш ташаббускори бўлган тадбиркор уринишларимизга қарамай, ўз меҳнати ҳақида гапиришни истамади. У бу ишни фақат яхшилик учун қилинганини, одамлар дуоси унинг учун муҳимлигини таъкидлади.
«Xabar.uz» тўплаган маълумотларга кўра, бу уй-жойни тиклаш бир неча ой давом этган. Маълум бўлишича, Рамазон кунларига яқин вақтда қурилиш ишлари якунига етаётганда, қурувчи мазкур хонадонларни ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган 5 та оилага топширишни мақсад қилганини билдирган.

Ҳақиқатан ҳам бу уй-жойлар шу пайтгача оғир шароитларда, айримлари эса умуман бошпанасиз ҳолда, ижарадан-ижарага кўчиб юриб, турмушнинг синовларига бардош бериб келган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган, серфарзанд оилаларга берилган.
Работиқалмоқ маҳалласида яшовчи Комила Ғойибова кўз ёшларини тўхтата олмай:
- Йиллар давомида фарзандларим билан жуда қийин аҳволда яшадик. Қишда совуқ, ёзда иссиқ уйларда, баъзан эса бошпанасиз қолган кунларимиз ҳам бўлди. Бугун эса ўз уйимиз бор. Аллоҳ рози бўлсин, шундай савобли ишларни қилган инсонлардан,-дейди.
Ситора Шарипова эса дилидаги миннатдорликни шундай изҳор этди:
- Бизнинг аҳволимизни сўраб, қўл чўзадиган одамларнинг борлигига ишониш ҳам қийин эди. Энди эса фарзандларим билан тинч, хавфсиз уйда яшаймиз. Бу биз учун бир мўъжиза.
Эътиборли жиҳати, янги хонадонлар фақат яшаш учун эмас, яшашни таъминлаш учун ҳам мўлжалланган. Турар жойнинг ертўла қисмида ташкил этилган кичик қадоқлаш цехи орқали уй эгалари доимий иш билан таъминланган. Бу эса уларнинг ўз меҳнати орқали даромад топиши, турмуш даражасини яхшилаши учун муҳим қадам бўлди.
Рамазон ойининг руҳига мос равишда амалга оширилган бу хайрли иш 5 та оиланинг қалбига илиқлик улашди. Бу аҳолини қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган қатламларни манзилли ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ижтимоий сиёсатнинг амалий ифодаси сифатида ҳам намоён бўлди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter