Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Уй-жой нархлари қайси ҳудудларда энг тез қимматлашмоқда?

Уй-жой нархлари қайси ҳудудларда энг тез қимматлашмоқда?

Фото: Xabar.uz

2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон кўчмас мулк бозорида фаоллик кескин ошди. Давр мобайнида 110,1 мингта олди-сотди битими расмийлаштирилиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 48,4 фоизга кўп бўлди. Уй-жой бозоридаги юқори талаб нархлар динамикасига ҳам таъсир қилди.

Марказий банк маълумотларига кўра, март ойи ҳолатида бирламчи уй-жой бозорида нархлар доллар ҳисобида 8,1 фоизга, сўм ҳисобида эса 1,8 фоизга ошган. Иккиламчи бозорда ўсиш янада юқори бўлиб, долларда 9,4 фоиз, сўмда 3 фоизни ташкил этган.

Таҳлилга кўра, уй-жой нархларининг ҳудудлар бўйича шаклланишига янги қурилган хонадонлар ҳажми, аҳоли ва уй хўжаликлари сонининг ўсиши, шунингдек, талабнинг юқорилиги асосий омил бўлган.

Марказий банк ҳисоб-китобларига кўра, Сирдарё, Қашқадарё, Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида янги уй хўжаликлари сони уй-жой таклифидан юқори шакллангани сабабли нархлар ҳам бошқа ҳудудларга нисбатан тезроқ ўсган. Айниқса, Тошкент шаҳри ва вилоятида аҳоли миграцияси, инвестиция мақсадидаги харидлар ҳамда даромадлар ўсиши талабни янада кучайтирган.

Аксинча, Бухоро, Наманган, Хоразм ва Қорақалпоғистон Республикасида уй хўжаликлари ўсишига нисбатан кўпроқ янги хонадонлар фойдаланишга топширилгани боис уй-жой нархлари нисбатан секинроқ ошган.

Шу билан бирга, республика бўйича қурилиш жараёнида бўлган кўп қаватли турар-жой объектлари сони энг кўп Самарқанд вилояти, Тошкент шаҳри, Бухоро ва Хоразм вилояти ҳиссасига тўғри келмоқда.

Марказий банк қайд этишича, уй-жой бозоридаги нархлар фақат қурилиш ҳажми билан эмас, балки ипотека кредитлари, аҳоли даромадлари, урбанизация, ер таклифи ва умумий иқтисодий фаоллик каби омиллар таъсирида ҳам шаклланади.

Шунингдек, 2026 йилнинг биринчи чорагида ипотека кредитлари ҳажми 5,7 трлн сўмга етган, қурилишга йўналтирилган инвестициялар улуши эса 10,8 фоизгача ошган.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг