Хитой томони Тошкентда дренаж тизимини яхшилашга кўмаклашади
Хитойнинг Сиань шаҳрида бўлиб ўтган III Ўзбекистон–Хитой ҳудудлараро форуми доирасида Тошкент шаҳри учун умумий қиймати 3,5 миллиард доллардан ортиқ инвестиция ва экспорт келишувларига эришилди.
Тошкент шаҳар ҳокимлиги маълумотига кўра, йирик лойиҳалар орасида дренаж коллекторлари, ирригация ва ёмғир сувларини четлаштириш тизимини ривожлантиришга қаратилган 400 миллион долларлик ташаббус ҳам бор.
Шунингдек, форум якунида BRT, йўл ўтказгичлари ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш учун 1 млрд доллар, транспорт ва ижтимоий инфратузилма лойиҳалари учун 1 млрд доллар, реновация ҳудудларида замонавий турар жой мажмуалари қуриш учун 500 млн доллар ҳамда «24/7» форматдаги замонавий кўчалар барпо этиш учун 100 млн долларлик келишувлар имзоланди.
Бундан ташқари, «Янги Авлод» махсус саноат зонасида юқори технологияли ишлаб чиқаришларни ривожлантириш бўйича 130 миллион долларлик инвестиция битимлари тузилди.
Маълум қилинишича, лойиҳалар EPC+F модели асосида, давлат бюджети маблағлари ва давлат кафолатларини жалб қилмаган ҳолда амалга оширилиши режалаштирилмоқда.
Ҳокимликка кўра, мазкур ташаббуслар Тошкент инфратузилмасини модернизация қилиш, янги иш ўринлари яратиш ва шаҳар муҳитини янада қулай ҳамда хавфсиз қилишга хизмат қилади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter