Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ҳинд киносининг энг сирли ва энг салобатли юлдузи

Ҳинд киносининг энг сирли ва энг салобатли юлдузи

Ҳинд киноси ҳақида гап кетганда кўпчиликнинг хаёлига дарҳол Амитабҳ Баччан, Дҳармендра, Винод Ханна ёки Шоҳрух Хон келади. Аммо экранда пайдо бўлиши биланоқ томошабиннинг диққатини ўзига тортадиган, овози, нигоҳи ва салобати билан бутун экранни эгаллаб оладиган яна бир актёр бор. У – Денни Денгзомпа. Бу актёр ўзига хос ташқи қиёфаси, улкан салобати ва кучли актёрлик маҳорати туфайли ярим асрдан ортиқ вақт давомида Болливуднинг энг ҳурматли санъаткорларидан бири бўлиб келмоқда. У 300 дан зиёд фильмда роллар ўйнаган. Денни нафақат актёр, балки режиссёр, сценарийнавис, продюсер ва хонанда ҳам.

Аслида исми бошқа эди

Денни Денгзомпа 1948 йил 25 февралда Ҳиндистоннинг Яксом қишлоғида туғилган. Унинг ҳақиқий исми Шеринг Финцо Денгзомпа бўлган. Бўлажак актёр буддист оиласида улғайди. Болалигидан от миниш, тоғларда юриш ва табиат қўйнида яшашни яхши кўрарди.

Кўпчилик уни келажакда ҳарбий бўлади, деб ўйларди.
Ёшлигида у Ҳиндистон Қуролли Кучларига киришни орзу қилган. Аммо кейинчалик фикри ўзгариб, кино ва телевидение институтига ўқишга кирди. Бу даргоҳда бирга таҳсил олган курсдошлари кейинчалик Болливуд афсоналарига айланган одамлар эди. Энг қизиғи, айнан машҳур актриса Жайя Бҳадури (кейинчалик Жая Баччан) Шеринг деган исмни талаффуз қилиш қийинлигини айтиб, унга Денни лақабини қўяди. Бу лақаб кейинчалик актёрнинг бутун дунёга танилган кинодаги номи бўлиб қолди.

Дарвоқе, Деннининг ташқи кўриниши Болливуднинг бошқа актёрларидан кескин фарқ қилади. Денни тибет-мўғул ирқига мансуб бўлгани учун кейинчалик кино соҳасида унга ишончсиз қараганлар ҳам кўп бўлди.

«Қасос ва қонун»да роль ўйнаши мумкин эди

Денни 1970-йилларда экранда кўрина бошлади. Бироқ унинг юлдузи 1975 йилда чиққан “Dhund” фильми орқали порлади. Шундан кейин режиссёрлар Деннининг совуқ нигоҳи, кучли овози ва харизмасини кўриб, салбий қаҳрамонлар ролига таклиф қила бошлашди.
Аммо Деннининг ёвуз қаҳрамонлари оддий эмасди. Унинг ҳар бир образида ақл, ички куч ва ўзига хос жозиба бўларди. Шунинг учун кўпинча томошабинлар фильм қаҳрамонидан кўра айнан Деннини эслаб қолишарди.
Ҳинд киноси тарихидаги энг машҳур фильмлардан бири – “Қасос ва қонун”. Режиссёрлар дастлаб шафқат билмас босқинчи Габбар Сингҳ ролига Деннини таклиф қилишган. Бироқ ўша вақтда у бошқа фильмда суратга олиш ишлари билан бандлиги боис рад этишга мажбур бўлган. Натижада бу роль Амжад Хонга насиб этади ва у кино тарихидаги энг машҳур ёвуз қаҳрамонлардан бирига айланди.
Денни кейинчалик бу ҳақда хотиржамлик билан: “Ҳар бир роль ўз эгасини топади”, деган эди.

1990 йилда чиққан “Агнипат” фильмида Денни ижро этган Канча Чина образи ҳинд киносидаги энг кучли салбий қаҳрамонлардан бири ҳисобланади. Бу роль шунчалик таъсирли чиққанки, 2012 йилда фильм қайта суратга олинганда ҳам янги ижрочи доимо Денни билан таққосланган.

Брюс Ли мухлиси ва ажойиб чавандоз

Денни жанг санъатларига қаттиқ қизиққан. У Брюс Лининг катта мухлиси бўлган. Шунингдек, профессионал даражада от минишни билгани боис кўплаб фильмларда ролларини каскадёрсиз ўзи бажарган. Бу жиҳат уни режиссёрлар орасида янада машҳур қилган.
Кўпчилик билмайдиган ҳақиқат шундаки, Денни Денгзомпанинг овози ҳам жуда яхши. У непал ва ҳинд тилларида бир нечта қўшиқ ижро этди. Айниқса, непалча альбомлари анча оммалашди. Шунинг учун айрим мухлислар Деннини актёрдан кўра хонанда сифатида ҳам яхши танийди.
Айтмоқчи, Денни бир неча тилда сўзлаша олади.

Шахсий ҳаётини оммадан яширади

Денни шахсий ҳаётини журналистлардан узоқ тутган. У актриса Гава Дензонгпа билан турмуш қурган. Уларнинг икки фарзанди бор.
Денни Болливуддаги энг кам гапирадиган, жанжаллардан узоқ юрадиган актёрлардан бири ҳисобланади. Кўпчилик уни “энг сирли юлдуз” деб ҳам атайди.
Ярим асрдан зиёд давом этган ижодий фаолияти мобайнида Денни ўнлаб нуфузли мукофотларга сазовор бўлди. 2003 йилда Ҳиндистон ҳукумати уни мамлакатнинг юксак фуқаролик мукофотларидан бири – Падма Шри ордени билан тақдирлади. Бу Денни Денгзомпанинг кино санъатига қўшган улкан ҳиссасининг эътирофи эди.

Акбар Анваров

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг