Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Кино олами оғир жудоликка учради: Бақо Содиқов вафот этди

Кино олами оғир жудоликка учради: Бақо Содиқов вафот этди

Жаҳон ва Марказий Осиё кинематографияси оғир жудоликка учради. Таниқли кинорежиссёр, ўзига хос мактаб яратган йирик санъаткор Бақо Содиқов Германияда вафот этди.

Унинг вафоти нафақат у билан елкадош бўлиб ишлаган ҳамкасбларини, балки у қолдирган бой маданий меросни қадрловчи минглаб киноихлосмандларини чуқур қайғуга солди. 

Бақо Содиқов 1941 йил 13 июлда қадимий ва навқирон Бухоро шаҳрида таваллуд топган бўлиб, ижодга бўлган илк қадамларини ҳам айнан шу заминда бошлаган. Санъатга бўлган чексиз меҳр уни Тошкент театр ва рассомлик санъати институтига етаклаб келди. Кейинчалик у ўз маҳоратини янада ошириш мақсадида Москвадаги Олий сценарийнавислик ва режиссёрлик курсларида таҳсил олди. Бу эса унга кино санъатининг асл сир-асрорларини чуқур англаш имконини берди.

Режиссёрнинг энг сермаҳсул ва ёрқин ижодий йиллари 1967 йилдан 1993 йилгача бўлган даврни ўз ичига олиб, бу вақт оралиғида у «Тожикфильм» киностудиясида фаолият юритди.

Бақо Содиқовнинг 1977 йилда суратга олинган диплом иши — «Адонис XIV» қисқа метражли бадиий фильми кино оламида катта шов-шувга сабаб бўлди. Бироқ шўролар даврининг қаттиқ цензураси туфайли ушбу асар узоқ йиллар давомида архив токчаларида қолиб кетди. Фақатгина қайта қуриш даврига келиб, яъни 1986 йилдагина фильм катта экранларга чиқди. «Адонис XIV» Москва ва Мангейм халқаро кинофестивалларида юқори баҳоланиб, мутахассислар эътирофига сазовор бўлди.

Режиссёр ўз ижоди давомида инсон руҳиятининг теран қатламларини, фалсафий ва ижтимоий мавзуларни маҳорат билан очиб берди. Унинг муаллифлигида яратилган:

«Қуюн» («Вихрь»);

«Орол» («Остров»);

«Лой қушлар» («Глиняные птицы»);

«Жосус» («Шпион»);

«Муқаддас заминдаги Бухоро» («Бухара на Святой Земле»);

«Биринчи бўлиш қийин» («Трудно быть первым») ҳужжатли фильми ва бошқа ўнлаб асарлари дунё кино харитасидан муносиб ўрин олди.

Ушбу фильмлар Европа, Осиё, Африка ва Лотин Америкасидаги нуфузли халқаро кинофестивалларда ўнлаб олий мукофотларни қўлга киритди. Ижодкорнинг хизматлари давлат томонидан ҳам муносиб қадрланиб, у 1988 йилда «Тожикистон хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони, 1993 йилда эса Абу Абдулло Рўдакий номидаги Тожикистон Давлат мукофоти билан тақдирланган эди.

Xabar.uz ахборот-таҳлилий портали марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг