Бухоро бозоридан «келажак»ка: фолбинлар «картаси» ортидаги ҳақиқат
Мансабпараст пулига, давлатманд обрўйига, қизлару айрим йигитларимиз эса фолга ва фолбинга ишонишади. Афсуски, бир марта бўлса ҳам фол очтирмаган ёки фолбинга бормаган одам жуда кам. Одамларни ўзига оҳанграбодек тортувчи фолбинлар ҳаётига назар ташласак.
- Кел, бачам, сани бир фол очиб қўяй, мана, мана, кўзимга кўриняпти, бугун санга бир дард, бир бало йўлиқиши бор. Кел, ман санга «қайтариқ» қилиб бераман...
- Бахтингдан очайми, тахтингдан очайми? Бахтингдан очиб, бахтингни, тахтингдан очиб, тахтингни кўраман...
- Бир садақа қил, бачам, ман сани фолингни очиб қўяй...
Кўча-кўйларда қўлида тасбеҳ тутиб, «кел, бир фол очиб қўяй...»-дея ортингиздан эргашиб юрадиган лўли аёллар ҳали-ҳануз учрайди.
Уларни кўриб, бир-да, чеҳрамиз очилиб, завқ олсак, бир-да, жаҳлланиб ҳам қўямиз. «Фолга ишонма, лекин, фолсиз ҳам қолма...»-деган гапга ишора қилиб, улар ҳақида ёзиш учун қизиқ маълумотлар тўплашга уриниб кўрдик. Одамлардан суриштира-суриштира «энг яхши фолбинлар»ни излашга тушдик.
Бухоронинг эски бозори (ҳозирги Марказий бозор)га туташ тор-тор кўчалар бўйлаб юрар эканмиз, бу манзилларнинг «жўгихона», яъни «лўли маҳалла» дея аташларига амин бўлдик.
- Сен ҳеч лўлига фол очтирганмисан?- сўрайман шеригимдан қизиқиб.
- Ҳа. Ёшлигимда. Аммо, ҳозир биз нима мақсадда бораётганимизни сезиб қолиб, қувиб солишмасмикан?-дейди шеригим кулиб.
- Кел, яхшиси, ўзимизни таништирамиз ва гапнинг пўст калласини айтиб қўя қоламиз,-дейман.
Йўлбўйи юрар эканмиз, одамлар «жўгихона» деган манзилда бирмас, иккимас, бир нечта фолбинлар, ромчилар ва ҳатто, «иссиқ-совуқчи»лар борлигини ҳам айтишди.
Ўзи фолга ишонмайдиган Розия фолбин нима дейди?
«Розия фолбин бор, карта билан очади. Зулайҳо фолбин бор, алас қилиб қўяди, яъни олов билан даволайди. Замира бор, Бердигул амма бор...» - худди нафассиз айтиб беришди одамлар. Биз эса ўзимизни лўли кўчада эмас, фолбинлар ва ромчилар кўчасига тушиб қолгандек ҳис этдик. «Агар сизга янаям кучлиси керак бўлса, Пешкўга борасиз. Ўзбек. Барон домло бор, нафаси ўткир. Аммо, унинг навбатига икки-уч кунлаб кутиб турасиз. Худди шундай фолбин аёл Ромитандаям бор»,-деб қўйишди одамлар. Бизни эса одамларнинг ҳали-ҳануз фолга ишонишлари ўйлантирарди.
Йўлнинг шундоқ муюлишда жойлашган Розия фолбиннинг ҳовлисини кўрсатишди. Салобатли дарвоза. Катта ва шинам ҳовли. Ҳовли бошида қўйилган сўрида хушсуврат лўли аёл ўтирарди. Қошлари замонавий кўринишга келтирилган, кўзларига қалин сурма тортилган, лабига хийла буёқ сурилган, рўмолидан чиқиб турган зулфи юзига ҳам оро бериб турибди. Ясама узун тирноқли бармоқларида картани ўйнатиб, бизни худди эски қадрдонлардек қаршилаяпти:
- Иби, бўйларингизга ўзим тасаддуқ, чиройли, гулғунча парихон, ишингизни очайми, бахтингизни кўрайми?-деди.
- Биз фол очтиришга келмадик, опа. Журналистлармиз! Бир-икки саволларимиз бор эди,-дедим «поп» этиб, шеригимнинг дуртиб-нуқишига қарамай.
Розия фолбин бу гапимизга осмондан тушгандек қарамади ҳам, ҳатто, черкини ёрмади ҳам. Чеҳрасини баттар ёриштириб кулди ва:
- Фақат расмга олманг... аммо, саволларингиз қочиб кетмас, бери келинг, бир ром очай, иримига бўлса ҳам, бир келибсиз-да...
- Йўқ, опа-а-а,-деймиз.
- Э-э, келсангизлар-чи, от билан туя бўлармиди... аммо, сизлардан пул олмайман, ўтиринглар!-деди кулиб ва «ял-ял» очилиб.
Беихтиёр сўри бурчига ўтирдик.
«Сиз жуда меҳрибонсиз, аммо, сизни одамлар тушунмайди. Сиз гоҳда ишончлисиз жудаям, гоҳда иккиланиб қоласиз... » - сўз бошлади Розия фолбин.
Биз эса мийиғида кулиб турдик.
- Кўрдингизларми, биз, фолбинлар, шундай гаплар айтамизки, улар, деярли, ҳаммага тўғри келади. Одамлар эса: «Мен ҳақимда айтаяпти»,-деб ўйлайди,- деди Розия фолбин ва бизнинг савол беришимизга ҳожат ҳам қолдирмай, ўзи сўзлай кетиб. Фақат ҳар икки сўзининг орасида «Суратга олманг!» -деб огоҳлантириб туришни ҳам унутмади. Ва яна сўзида давом этиб:
- Фолбинлар одамларнинг келажаги, тақдири, бахти ёки муаммолари ҳақида гўё, «олдидан айтиб берувчи» одам. Турли усуллар билан башорат қилишга уринамиз. Турли белгиларга таяниб, хулоса чиқарамиз. Масалан, қўл чизиқлари, карта, тошлар, ойна ва эски «Фолнома» китобларидан фойдаланамиз. Мен эса амалда кўпроқ дарвозамдан ихлос билан кирганларнинг кайфияти ва муаммосини кузатаман. Умумий ва ҳаммага тўғри келадиган гаплардан фойдаланаман. Психологик таъсир орқали уларни гапларимга ишонтиришга ҳаракат қиламан. Мен гуноҳ қилмаяпман. Одамларнинг ўзлари ихлос билан келишади.
- Ўзингиз ҳақингизда икки оғиз...
- 1956 йилда туғилганман. Бир оиланинг бекаси, тўрт фарзанднинг онасиман. Ўттиз йилдан кўп вақт бўлдики, карта билан ром, яъни фол очиб, одамларнинг тақдири, келажаги ҳақида башорат қиламан. Замонавий аёлман. Кўриб турибсиз (кулади). Нега замонавий аёлман?! Чунки, мен одамлар орасида кў-ўп айланиб юраман. Уларнинг ўзим ҳақимдаги фикрларини билиб оламан. Одамлар фолга қизиқишгандек, мен одамларнинг ўзим ҳақимдаги ишончларига қизиқаман. Шунга қараб, ишларимни режалаштираман. Ўйлаб қарасам, мен ҳам сизларга ўхшаб, бир кам журналистман («қаҳ-қаҳ» отиб кулиб). Ман бу касбу-корга ўз-ўзидан келиб қолган эмасман. Бошида одамлар ўз дардларини айтиб, маслаҳат сўраб келишарди. Қарасам, маслаҳат ва гапларимдан уларнинг кўнгиллари ёришяпти. Ҳатто: «Сизда қанақадир сезиш бор»,-деб яна ва яна кела бошлашди... менга ишонишади. Ихлос - халос, дебдилар.
- Эшитишимизча, кўпгина фолбинлар шу касбу-корни гўёки, эгалламаганликлари учун фарзандлари оламдан ўтган... ёки бирор бир шунга ўхшаш нохуш воқеаларга дуч келишганмиш?
- Ҳа, бу гапларни кўп эшитаман. Лекин, ростини айтсам, менинг ишим шу каби бахтсизлик ёки қоронғу воқеаларни олиб келмайди. Мен фақат одамларнинг дардларини тинглайман, маслаҳат бераман ва уларга умид беришга ҳаракат қиламан. Шундай вазиятлар бўладики, одамлар ўз тақдирларига олдиндан қўрқув, хавотир билан қараб, шундай ҳодисаларни фол билан боғлашади. Лекин, ҳаёт ва инсон тақдири воқеалар Яратганнинг иродаси ва табиат қонуни билан боғлиқ. Биз, фолбинларнинг ишимиз одамларга фақат бироз ёрдам, тасалли ва йўл-йўриқ бериш. Фарзанд билан боғлиқ гапга келсак, мен бу тоифадаги фолбинларга ҳам, уларнинг гапларига ҳам ишонмайман. Улар ўзларига одамларни ишонтириш учун бундай гапларни тўқиб чиқаришади. Тўғриси, шахсан ўзим умуман, фолга ҳам, фолбинга ҳам ишонмайман.
- Қизиқ, унда қандай қилиб, бу касбу-корнинг этагидан тутиб юрибсиз?
- Менинг ҳузуримга кимдир қариндошини олиб келади, кимдир қўшнисини. Мен ўзимни катта каромат соҳибаси, деб айтмайман, лекин, одамнинг дардини тинглаш, унинг ҳолатини ҳис қилиш ҳам баъзан бир неъмат бўлади. Балки, шу сабаб одамлар ҳали ҳам келиб туришар.
- Даромадингиз қанча? Сир бўлмаса, албатта!
- Нолимайман. Бир фол очтириш 100 минг сўм. Агар «қайтариқ» қилиш, қайсидир ёш оилани бир-бирига яна қайта боғлаш керак бўлса, 300-400 ва гоҳида 700 долларгача оламан.
- Одамлар шунча миқдорда пул беришадими?-ҳайратимиз ошиб сўраймиз.
- Нега беришмас экан? Одамлар чин кўнгилдан ишонишса, бас! Беихтиёр қайсарлик ва манманликни йиғиштириб, ўша турмуши бузилаётган хонадонга ўз қизларини қайта ўз қўллари билан олиб боришади. Лозим бўлса, кечирим сўрашади. Кўрибсизки, ёш оила яна бирга ҳаёт кечиришади. Аслида, шу ишларни фолбинсиз ҳам ўзлари қилишса, бўлади.
«Қайтармачи» Зулайҳо
Кейинги суҳбатдошимиз Зулайҳо фолбин бўлди. У ёш ва кўркам. Энг, қизиғи, ўзини фолбин, деб билган бу аёл ҳам замонавийликда бошқа аёллардан қолишмайди. Ботекс лаб, қуйма қовоқ, ясама қошу-киприк. Бешикдаги боласини аллалаб турган фолбин келинчак ҳузурига ёши етмишдан ошган кампирлар ҳам келишган. Навбат турнақатор. «Қайтарма»чининг қўлидан эса телефони тушмайди.
- Алас, яъни бошдан олов айлантириш орқали даволайман. «Қон» қиламан. «Қайтарма» қилиб тураман. Лекин, «қайтарма»дан жуда кам фойдаланаман.
Зулайҳо фолбиннинг айтишича, «қайтарма» - фолбинлар тилида одамнинг ўзини ёки бошқаларнинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш, ёки қўрқинчли ҳолатларни «ортга қайтариш» учун қилинадиган амал, дуо экан.
- «Қайтарма» - ёмон таъсирларни қайтаради. Сув ёки тузга ўқиб бериб, туморга тикиб бераман.
- Бу сизнинг-ча, ҳақиқатга яқинми?
- Одамлар - шу! Ишонишади. Ихлос қилишади. Ихлоснинг ўзи етади.
- Одамларни ваҳимага соладиган дуою, туморлар ҳақида нима дейсиз?
- Улар азалдан одамларни бало-қазолардан, офатлардан асраб келган. Оддийгина мисол: ёш болаларнинг қўлига кўзмунчоқ илиб қўймасангиз, бола кўзикиб, бетоб бўлиб қолади. Кўзмунчоқ ҳар ҳандай суқни қайтаради. Аммо, баъзида 15-17 ёшли қизлар ҳам, катта ёшдаги аёллар ҳам келишади. «Менда дуо бор экан»,-дейишса, жаҳлим чиқади. Буларда дуо нима қилсин? Уларнинг пулларини «шилиш» учун алдайверамиз. Одамлар ишонишса, айб биздами?
- Ҳадисларда шундай дейилган: «Мен қиёмат куни уч тоифа кишини ёқламайман, ана шу уч тоифадан бири фолбинлар ҳисобланишади...»
- Ҳа, ҳадисларда фолбинлик ҳақида қаттиқ огоҳлантиришлар борлигини биламан. Тўғри, мен ўзимни «келажакни аниқ айтиб берадиган одам», деб даъво қилмайман. Аммо, одамларнинг ўзи кўпинча одамлар жуда қийин ҳолатда келади: оилавий муаммо, ишсизлик, умидсизлик. Мен шунчаки уларга йўл-йўриқ кўрсатаман. Одамларни ёмон фирклардан қайтаришга ҳаракат қиламан, буни ўзимча хизмат, деб биламан. Қолгани - Худодан.
«Нафаси ўткир» Бердигул амма
Учинчи суҳбатдошимиз Бердигул амма бўлди. Ёши 80 ларга яқинлашиб қолган лўли кампир. Оддий хонадонда яшар экан. Унинг ҳузурига келган бир-икки одамлар билан суҳбатлашдик. «Фоли тўғри чиқади. Амаллариям яхши. Нафаси ўткир. Бошим оғриса, ёки бир дард билан келсам, енгил тортиб кетаман»,-дейди бири. Бошқа бир аёл: «Энди одамлар келиб туришади-ку, ихлос қилиб, даво топиб. Бир нимаси бордирки, биз ҳам, мана, келдик!»-дейди. Бизни дарвоза ташқарисидан кузатиб турган бир эркак эса баланд овозда: «Қанақа даво?! Э-э, лақма хотин, қўярда-қўймай, олиб келди мениям судраб. Бўл, тез!»- тажанг сўзлайди эди.
Бердигул амманинг «мижозлари» кетгач, эшикдан мўралаб, кекса онахон олдига кирдик. Бироз суҳбатлашдик.
- Қизим, мен «келажак»чи эмасман. Одамларнинг ҳолати, кайфияти ва ички қарашларини ўзларидан сўраб олиб, шу асосда маслаҳат бераман.
- Ҳозир анча кузатдик. Сиз одамлар билан бор-йўғи, 3-4 дақиқа суҳбатлашяпсиз. Сиз одамларнинг дардини қандай қилиб, бир дақиқада сезиб олишингиз мумкин?
Кекса онахон буни фақат кузатиш ва ҳис қилиш, одамларнинг қўллари, юзи, кўзи, оғиз ҳаракатлари, ҳатто, нафас олиши ҳам ўзи ҳақида маълумот бериб қўйишини очиқлади. Шундан сўнг у тезгина одамларнинг қарашини «фолбинона» маҳорат билан гапга айлантиришини айтди.
- Қўрқув ва яна бир чимдим умид одамларни бизга чорлаб келади. Аслида, ҳаммаси Худонинг иши.
- Лекин, шунга қарамай, фолбинлик ҳали ҳам одамларни қизиқтиради. Нега?
- Демак, одамларни ишонтира оляпмиз. Одамлар шунчалар қизиққонки, улар яшашни эмас, кўпроқ келажакларини билишни исташади. Тасалли излашади. Биз шунчаки уларнинг эҳтиёжини бироз қондирамиз, холос.
- Одамлар шунга ишониб, яхшигина пул ҳам сарфлашади. Аммо, билиб-туриб, атайин шу йўл орқали пул топиш... ёшингиз катта экан, сизга малол эмасми?
- Энди ота-боболардан қолган касбу-коримиз... биз ҳам ризқимизни териб юрибмиз-да...
Ризқини одамлар кайфияти ва муаммосини кузатиб, умумий ва ҳаммага тўғри келадиган гапларни айтиб, психологик таъсир орқали ишонтиришга ҳаракат килиб, териб юрганлар кўчасидан узоқлашар эканмиз, йўлбошида яна бизни: «Битта фолингни очиб қўяй, бачам»,-деган ромчиларга дуч келамиз.
Қизиқ томони шундаки, фолбинлар ўзларини одамларнинг келажагида рўй берадиган воқеаларни олдиндан айтиб бера оладигандек тутишади ўзларини. Аслида, фол очишнинг илмий исботи йўқ. Исломда диний нуқтайи-назардан таъқиқланиб, унга гуноҳ, деб қаралса-да, фолбинлар одамларни пул учун алдашдан тўхташмайди ва тўхташмаган ҳам. Тўғри, ҳатто, бундай ҳолатларда фирибгарлик ишлари очилган ҳам. Бироқ, шунга қарамасдан, одамларнинг «фолбинлар», «дуохон»у «иссиқ-совуқ»чилар, «ром»чилар, «қайтариқ»чилар дарвозаси олдида турнақатор тизилишиб туришганига нима дейсиз? Ҳатто, жуда ақлли, билимли одамлар ҳам баъзан фолбинларга ишониб қолади. Етмаганига, айрим турли давлат ташкилотларида нуфузли лавозимларда ишлаб келаётганларнинг ҳам «Фолбиннинг айтган гапи тўғри чиқди»,- деган хулосага келиши кишини ўйлантиради.
Фолбин фоли авлиёлар каромати эмас...
Фолбин шунчаки одамларни кузатиб туриб, унинг ҳақида тахмин қилади. «Кийимимидан моддий аҳволини, юзидан кайфиятини, саволларига олган жавобидан муаммосини билиб олган уддабуррон»лар ўзидан «ўткир нафасли фолбин»ни ясаб олишади.
«Фолбин одамлардан олган жавобини эпақага келтириб, яна ўзига улашади. Энг қизиғи, одамлар фолбиннинг нотўғри айтган гапларини унутади, тахминий тўғри келганларини эса эслаб қолади. Мен салкам икки ой қатнадим фолбинга, ўғлимнинг бахтини кўзлаб. Афсуски, ҳеч наф бўлмади. Сал қолса, уларга ишонган ўзим ҳам фолбин бўлардим»,-дейди аччиқ аралаш кулги билан фолбиннинг «мижоз»ларидан бири.
Ҳатто, бир фолбин - ёш жувоннинг «Нострадамус ҳам фолбин бўлган, шуни тарихдан биласизми? Биз ҳам ўшаларнинг авлодимиз! Бозорларга чиқиб, одамлар келажагини башорат қилиб берамиз»-деган иддаоси бизни лол қолдирди.
Дарҳақиқат, инсоният азалдан келажакни олдиндан билишга доим интилган. Айримлар буни илоҳий башоратлар орқали амалга оширишга уринган бўлишса, бошқалар илмий фараз ва кузатувлар асосида қилган.
Маълумот ўрнида: 1503 йилда Фанцияда туғилган Нострадамуснинг шифокор ва астролог бўлгани тарихдан маълум. Кейинчалик келажак ҳақида ёзган башоратлари билан машҳур бўлиб кетган. У, ҳатто, ўзи ёзган «Башоратлар» китоби билан машҳурлик чўққисига чиққан ҳам. Айтиш жоизки, Нострадамус ўз башоратларини жуда ноаниқ ва рамзли қилиб ёзган. Манбаларида аниқ йил айтилмаган, рамзлар ва метафоралардан фойдаланган. Шу сабабли ҳар қандай катта воқеадан кейин одамлар томонидан: «Мана, Нострадамус шуни айтган экан! »- деб талқин қилинади.
Карта, қаҳва, чой, сув, туз ва қўл чизиқлари орқали ўзидан башоратчи ясаб олган фолбинлар одамларнинг келажагини айтишга уринишаётгани таъбларни хира қилмай қўймайди.
Шу аёнки, фолбинлар ҳақиқий келажакни билмайди, уларнинг қўлидаги карта ёки тумор орқали айтган гаплари асосан, психологик таъсир ва одамларнинг ўзларидан олинган маълумотлар билан боғлиқ. Бошқача айтганда, фолбинлик илмга асосланган эмас, одамларнинг умид ва қўрқувини эксплуатация қилиш орқали пул ишлаш йўли, холос. Одамлар келажакни билиш, тасалли топиш, умид қидириш билан банд пайтда фолбинлар шу эҳтиёжни қондириш орқали ўз ризқини териб юради.
Ҳақиқат шундаки, келажак инсоннинг ўз ҳаракатлари, қарорлари ва тақдирида яшайди, фолбинда эмас.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter