Ўзбекистондаги ягона овчи аёл ёки Бухоро чўлидаги «дунё»
Бухорода ҳали қиш уйқуга кетмай туриб, ҳар йили туристик мавсум эрта бошланиши кўпчиликка аён. Апрел ойи кирмасданоқ, Бухоро шаҳрининг эски шаҳар кўчалари хорижлик саёҳлар билан гавжумлашиб қолади. Хизмат кўрсатиш инфратузилмаси ҳар жиҳатдан изчил ривожланган, шароитлар кенгайган.
Бухоронинг бой тарихий-маданий мероси сайёҳларнинг асосий эътибор марказида, айниқса, қадим тарихий обидалару, буюк шахслар томонидан бино бўлган иншоотларга талаб юқори.
Бугун эса шаҳар марказидаги бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишларининг ҳайратланарли даражада бўй кўрсатаётганига эмас, туризм салоҳиятига ўз таъсирини ўтказаётган Ғиждувон туманининг Қизилқум бағирларига ёндош «Олтинсой» маскани ҳақида сўз юритсак. Эслатиб ўтамиз, чўл бағрида барпо этилган бу яшил маскан дам олиш манзили эмас, балки, янги туризм ўчоғидир.
Туман марказидан, қарийб, 20 километрча узоқликда жойлашган «Барака» чўл массивида жойлашган бу масканнинг умумий майдони 28 гектардан иборат. Бир қарашда, «чўл», деганда, кўз ўнгингизда қуруқ ва сукутга чўмган манзара пайдо бўлади. Ушбу манзил эса бу тасаввуринингизни мутлақо ўзгартиради.
Чўлнинг ушбу кўнгилочар масканида ов қилиш, камондан ва милтиқдан отиш, отда сайр, гастрономик туризм юқори. Овул ҳаётига оид миллий намунада қурилган ўтовлар ва улардаги туя сути, ҳудудда туяқуш парвариши йўлга қўйилгани кишини бефарқ қолдирмайди.
Айниқса, чўл ҳудудидаги 5 гектар майдонда сув ҳавзасининг бунёд этилаётгани, унда балиқ овлаш, хушманзара жойларни томоша қилиш, от ва туяларда сайр этиш мумкинлиги одамни шошириб қўяди.
Чўл бағридаги яшил оламнинг ҳад-ҳудудсизлиги кўзларингиз қирида қолади. «Кимнинг меҳнати экан?»-дейсиз беихтиёр.

- Ўзбекистондаги ягона овчи аёл ҳақида эшитганмисиз?
- Ҳа, албатта, Иқлима Жўраева-да!-деймиз ўйлаб турмай, қизиқишимиз ортиб.
- Яшанг!-дейди ҳамкасб суҳбатдошимиз Рамазон Бекмуродов. Сўнг яна сўзида давом этиб: - бу манзил шу овчи аёлнинг амалга оширган лойиҳаси меваси. Бундан бир неча йил илгари қиймати 1 миллиард сўм ва USAID ҳомийлигида ажратилган 31 минг АҚШ доллари эвазига бошланган ушбу лойиҳани опа йиллар давомида изчил ривожлантирди. Узоқ чўл массивидаги ҳақиқий экотуризм маркази – «Олтинсой»нинг барпо этилишида шу овчи аёл бош-қош бўлди. Миллий ва замонавий туризм имкониятлари билан уйғунлаштирди. Хуллас, опа ҳалол пешона тери эвазига меҳнат қилди.
Мазкур чўл зонасида 40 мингга яқин турли-туман кўчатлар ўтқазилган. Кўчатлар ҳам водийнинг энг серҳосил вилоятларидан келтирилган экан. Шу яшил олам орасида юрталарнинг ўрнатилгани худди сизни эртаклар оламига бошлайди.
- Бухорони кўпинча ҳуу-ув, дунёнинг чеккасидан келганлар ҳам «чўл ва иссиқ, тупроғи шўр», дейишади. Йўқ. Мен Бухоронинг фарзанди сифатида ўша чўлда ям-яшил дунё яратдим. Куч-қувватим билан ҳаракат қилдим. Токи, Бухорони дунё билсин ва танисин: бу юрт томирлари яшил оламга туташлигини,-дейди экомасканга тикилиб Иқлима Жўраева.
Ўз ҳаётини табиат қўйнида, тоғ ва чўллар бағрида ўтказган ягона моҳир овчи аёл, тадбиркор ва «Шуҳрат» медали соҳибаси Иқлима Жўраева билан қисқа суҳбатда бўлдик.

- Чўл бағридаги яшил олам кишини бефарқ қолдирмайди. Бу лойиҳани бошлаш ғояси қандай пайдо бўлган?
- Болалигимдан табиатга меҳрим баланд эди. Қуруқ, жим-жит чўлга қараб: «нега бу ерда ҳаёт қайнамаслиги керак?» деган савол кўнглимда кўп бор уйғонган. Кейинчалик тушундимки, табиатга меҳр билан ёндашсангиз, у сизга, албатта, жавоб қайтаради. Шу фикр менга куч берди. Бу лойиҳани ўзимнинг орзу ва сабрларимнинг натижаси, десам ҳам бўлади. Бундан ташқари, кўпчилик одамлар чўлга қараб, «чўлда ҳеч нарса бўлмайди», дейишади. Мен эса аксинча, имкониятни кўрдим. Табиатни асраб, шу билан бирга одамларга уни ҳис қилиш имконини беришни истадим.
- Энг катта қийинчилик нимада бўлди?
- Биласизми, энг катта қийинчилик нимада? Аввало, одамларни «Чўлни яшнатаман», деган шижоатингизга уларнинг ишонмаслигида. Кейинчалик қийинчилик эса сув масаласи ва иқлим. Дарахт экиш, уни парваришлаш масаласи бу ерда жуда катта меҳнат талаб қилади. Лекин, ўзига ишонган инсон учун эса тўсиқ йўқ. Мен ҳаммасини қийинчилик эмас, синов, деб қабул қилганман.
- Сиз Ўзбекистондаги ягона овчи аёлсиз! Овчилик сизнинг-ча, бу танловми ёки тақдир йўлими?
- Мен тутган йўл ҳам тақдир, ҳам танлов йўли. Танлов деганим, ҳар ким ҳам бундай йўлни танламайди. Лекин, шу билан бирга, тақдир ҳам бор. Агар қалбингизда табиатга яқинлик, жасорат ва сабр бўлмаса, бу йўлда юра олмайсиз. Мен ўзимни шу соҳада топдим, шунинг учун бу мен учун ҳам танлов, ҳам тақдир.
Иқлима Жўраеванинг айтишича, сўнгги йилларда табиатдаги мувозанат сезиларли даражада ўзгарган. Қишлар юмшоқлашган, ёзлар эса янада иссиқ ва қуруқ бўлиб бормоқда. Бу эса ҳайвонот дунёсига ҳам, ўсимликларга ҳам таъсир кўрсатмоқда.
- Иқлим ўзгаришига қарши кураш ҳар бир инсоннинг кундалик ҳаётидан бошланиши керак. «Ҳеч нарса бўлмайди», деган жойда ҳаёт қайнайди,- дейди у.
Табиат билан ҳамнафас, яшил олам билан ўзини эгиз билган тадбиркор ташаббуси билан ташкил этилган ушбу экомаскан бугун минглаб сайёҳларни бағрига чорлаб, маҳаллий аҳоли учун ҳам даромад манбаи бўлмоқда. Айни пайтда бунда 20 нафарга яқин ишчи доимий бандликка эга.

Келгусидаги режаларида чўл ҳудудини халқаро даражадаги экотуризм нуқтасига айлантиришни, Ўзбек чўлининг гўзаллигини дунё аҳли кўришини истаган овчи аёл билан қизғин суҳбатни кейинга қолдирдик.
Билганимиз шу: чўл, деб аталган макон фақат қуруқлик эмас, сабр ва меҳнат билан яшилликка айланиши мумкин бўлган ҳад-ҳудудсиз манзил экан. «Олтинсой» эса ана шу ишончнинг тирик исботи, инсон иродаси табиат билан уйғунлашса, мўъжиза яратиш мумкинлигининг ёрқин намунасидир.
Мавзуга қайтамиз.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter