Онажон, жаннатда нон борми? Бўлса, у дунёга кетайлик...
1 июн – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Бундан бир неча йил аввал ижтимоий тармоқларда тарқалган бир сурат бутун инсоният қалбини ларзага солди. Унда уруш ва очлик азобидан тинка-мадори қуриган бир гўдакнинг онасига қараб айтган юракни тилка-пора қилувчи саволи муҳрланганди: «Онажон, жаннатда нон борми? Агар бўлса, кетайлик...».
Даҳшат! Бу шунчаки боланинг беғубор саволи эмас, балки замонавий дунёнинг виждонига отилган оғир нидо, тўқликдан кибрланган, исроф ва ҳашаматга кўмилган инсониятнинг юзига урилган аламли ҳақиқат эди. Оддий бола учун орзулар ўйинчоқлар, эртаклар ва ранг-баранг тасаввурлар билан тўла бўлади. Аммо уруш ва қашшоқлик исканжасида қолган бу гўдакнинг энг катта орзуси бир парча нон эди, холос. Унинг болаларча тасаввурида жаннат — портлашлар бўлмайдиган, кўз ёшлар оқмайдиган ва инсонлар оч қолмайдиган ягона макон эди.
Афсуски, бу фожиа шунчаки бир боланинг эмас, балки миллионлаб мурғак гўдакларнинг аччиқ қисматига айланиб бормоқда. Дунёнинг турли нуқталарида миллионлаб бегуноҳ болалар уруш оловлари, қаҳатчилик ва йўқчилик сабаб беғубор болалик бахтидан буткул маҳрум бўлишяпти. Инсоният қурол-яроғ ва вайронкор ҳарбий амбициялар учун миллиардлаб маблағларни сувдек сарфлаётган бир пайтда, қаердадир бир бурда нонга зор, оч-наҳор кўзлар мўлтираб турибди. Бошпанасизлик, саводсизлик ва доимий хавф-хатар остида яшаш уларнинг кундалик аламли воқелигига айланган.
БМТнинг Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотларининг сўнгги даҳшатли ҳисоботлари бу аччиқ ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди: бугун қуролли тўқнашувлар оқибатида дунё бўйича 400 миллиондан ортиқ бола бошпана, озиқ-овқат, таълим ва тоза сув каби энг оддий инсоний эҳтиёжлардан маҳрум ҳолда кун кечирмоқда. Уруш ва шафқатсиз зўравонликлар гирдобида қолган 48,8 миллион гўдак ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлган ва сарсон-саргардонликка маҳкум этилган. Энг юракни эзувчи кўрсаткич эса — глобал миқёсда 45 миллионга яқин 5 ёшгача бўлган боланинг тўйиб овқатланмасликнинг энг оғир, яъни ҳаёт учун тўғридан-тўғри хавф солувчи шаклидан азият чекаётганидир!
Энг ачинарлиси, уруш нафақат инсонни оч қолдиради, балки бутун бошли миллатлар келажагини илдизи билан вайрон қилади. Чунки қуролли тўқнашувлар бор жойда илм масканлари кулга айланади, билим ва маърифат бериши керак бўлган муқаддас даргоҳлар зулм ва залолат қуроллари соясида қолиб кетади. Оқибатда, миллионлаб болалар таълим олиш, дунёни англаш имкониятидан буткул айрилиб, уларнинг гўзал орзулари билан бирга инсониятнинг эртанги куни ҳам барбод бўлади.
Ана шундай қарама-қаршиликлар ва глобал инқирозлар фонида бир олий ҳақиқат янада яққол намоён бўлмоқда: болалик дунёсига бериладиган энг буюк неъмат — бу тинчлик ва таълимдир! Зеро, бир бурда нон гўдакнинг бугунги ҳаётини сақлаб қолганидек, тинчлик ва сифатли таълим унинг порлоқ келажагини кафолатлайди. Дунёнинг мана шундай таҳликали манзарасида юртимиз осмони мусаффолиги, заминимизда тинчлик ва осойишталик барқарор экани биз учун улкан бахтдир. Энг муҳими, юртимизда айнан ана шу эртанги кун эгалари учун кенг кўламли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражаси 78 фоизга етгани соҳадаги улкан бурилишлардан далолат беради. Энг муҳими, ўғил-қизларимизни мактаб ҳаётига сифатли тайёрлаш мақсадида бир йиллик бепул ва мажбурий мактабгача таълим тизими босқичма-босқич, муваффақиятли жорий этилмоқда. Чунки инсон ўз ҳаёти давомида оладиган жами ахборот ва маълумотларнинг қарийб 70 фоизини айнан 5 ёшгача бўлган даврда ўзлаштириши илмий тадқиқотларда ўз исботини топган. Бу рақамлар мактабгача таълим тизими узлуксиз таълимнинг шунчаки бир қисми эмас, балки ижодий, ижтимоий фаол ва маънавий бой шахсни шакллантирувчи энг асосий бўғин эканини кўрсатади.
Тизимдаги бундай ижобий ўзгаришлар нафақат йирик шаҳарларда, балки юртимизнинг энг чекка ва узоқ гўшаларида ҳам ўз аксини топмоқда. Хусусан, давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этилаётган замонавий боғчалар ва оилавий мактабгача таълим муассасалари туфайли қишлоқлардаги болажонлар ҳам юқори сифатли таълим-тарбия олиш имкониятига эга бўлишмоқда. Бу эса ҳар бир боланинг келажакка катта ишонч ва қатъият билан қадам қўйиши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Гўдаклар қалбига илк билим уруғини қадаш билан чекланилмай, умумий ўрта таълим соҳасида ҳам мисли кўрилмаган, салмоқли натижаларга эришилмоқда. Бугунги кунда республика бўйича умумтаълим мактаблари сони 11 минг 118 тага етди ва бу кўрсаткич бир йилнинг ўзида нақ 175 тага кўпайди.
Бугун дунёнинг қайсидир нуқтасида миллионлаб болалар умр бўйи мактаб остонасини бир бор ҳатлаб ўтиш орзуси билан яшамоқда. Улар учун таълим — оддий ҳақиқат эмас, балки эришиб бўлмас орзу. Шу билан бирга, жонажон юртимизда болалар учун ҳар куни янги, замонавий ва муҳташам билим масканлари қад ростламоқда, таълим олиш имкониятлари кенгаймоқда. Бу — тинчлик, барқарорлик ва инсон қадрига берилган юксак эътиборнинг самарасидир.
Аммо болаларнинг бегонаси бўлмайди. Дунёнинг қайси бурчагида яшамасин, ҳар бир маъсум гўдакнинг қисмати бутун инсониятнинг виждонига дахлдордир. Ахир, очлик ва бешафқат муҳтожлик инсон руҳиятини қай даражада эзиб, мажруҳ қилиши керакки, ҳали оқ-қорани танимаган мурғак гўдак бу фоний ҳаётдан умидини узиб, боқий жаннатдан паноҳ қидирса?! Зеро, ҳеч қандай уруш, ҳеч қандай сиёсат ёки қашшоқлик гўдакларнинг энг улуғ ҳуқуқини тортиб олишга ҳақли эмас: болалар болаликка ҳақлидир!


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter