Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Барно Султонова

Озодлик қўрқувнинг юзига тик қарай олишдир.

Ҳуқуқ ва сунъий интеллект: Ўзбек ёш тадқиқотчи Гарвардда нимани ўрганмоқда?

Ҳуқуқ ва сунъий интеллект: Ўзбек ёш тадқиқотчи Гарвардда нимани ўрганмоқда?

foto: Xabar.uz

Баъзи ёшларнинг дунёқарашини кўриб, «ақл ёшда эмас  – бошда» деган гапнинг нақадар тўғрилигини яна бир бор ҳис қиламан. Фаолиятим давомида олимлар, зиёлилар, амалдорлар ва энг оддий инсонлар билан суҳбатлашдим. Баъзида зиёлилар билан суҳбатдан кўнглим ёришган, баъзи олимман деган одамдан кутган жавобимни ололмаган пайтларим ҳам бўлган... 

Андижонлик 26 ёшли Шерзодбек Омонов 2022 йил Тошкент давлат юридик университетида ўқиб юрган пайтида Global UGRAD дастури грантини қўлга киритган. Суҳбатдошим саволларга жавоб бериш асносида яна бир ҳақиқатни эсга солди: инсон ўз устида ишлашдан тўхтамаса, нафақат илмий салоҳияти ошади, балки ички дунёси ҳам ривожланади. Очиғини айтсам, йўллаган жавобларида бирорта имло хатоси йўқ бўлган илк суҳбатдошга дуч келиб турибман. Ана шундай серқирра, тартибли ва мақсадли ёшлар борлиги эса одамни хурсанд қилади.            

Ғарбий Виржиния университетида ўқиш ҳаётингизни қандай ўзгартирди?  

–  Global UGRAD дастури менга мутлақо янги, мослашувчан ва шахсий қизиқишларга асосланган ёндашувни таклиф этди. Илк бора ўз ўқув дастуримни мустақил равишда шакллантириш имкониятига эга бўлгандим – қизиққан йўналишим асосида фанларни ўрганиш, ўқитувчиларни белгилаш, дарс жадвалини ўзимга қулай тарзда тузиш танлови мени жуда ҳайратда қолдирганди.

Бундан ташқари, бутунлай янги маданий муҳит, ўзга қадриятлар ва мутлақо нотаниш ижтимоий меъёрлар орасида яшаш, инсонни ўзини қайта кашф этишга ундаркан. Ва албатта тил борасида ҳам анча ўзгаришлар бўлди. Инглиз тилидаги мулоқот кўникмаларим сезиларли даражада яхшиланди ва айнан шу даврда мен Гарвард Ҳуқуқ мактабига ҳужжат топшириш қарорига келгандим.

Ўқишни тугатгач, бу тажрибани уч йиллик юридик лойиҳалар менежери сифатидаги амалий фаолиятим орқали мустаҳкамлашни бошладим. Мураккаб лойиҳаларни бошқариш ва турли жамоалар – маҳаллий, халқаро экспертлар билан ишлаш менга муаммоларни ижодий ҳал этиш, мулоқот ва ҳамкорликнинг аҳамиятини чуқур тушунишга ёрдам берди.

Талабалик йилларимда ҳуқуқ ва технология ўртасидаги боғлиқликка қизиқишим кучли бўлган. Шу сабабли бакалавр битирув ишимни ҳам айнан шу йўналишда ёзган эдим. Амалий фаолиятим давомида эса турли ҳил сунъий интеллект воситаларини синаб кўрдим ва бу технологиялар юридик жараёнларга – ҳужжатларни автоматлаштиришдан тортиб таҳлилга асосланган қарорларни қабул қилишгача, қанчалик фаол кириб келаётганини ўз кўзим билан кўрдим.

Гарвард ҳуқуқ мактаби таълими фақат назария эмас, балки фикрлаш маданиятини ҳам ўргатади, дейишади, шу фикрга қўшиласизми?

– Гарвард ҳуқуқ мактабининг ўқитиш услуби кўпроқ танқидий фикрлаш, ижодий ёндашув ва масаланинг туб сабабларини таҳлил қилишга қаратилган. Дарслар кўпинча Суқрот усулида олиб борилади – профессорлар талабаларни кутилмаганда саволлар билан мулоқотга чорлайди. Бу усул ёшларни тезроқ фикрлашга, позициясини асослаб беришга ва таҳлилий мулоҳаза юритишга ундайди. Масалан, ҳозирда ўқиётган Конституциявий ҳуқуқ фанида профессор нафақат суд қарорини тушунтириб беришни, балки «Нега айнан шундай қарор чиқарилган?» ёки «Қандай альтернатив қарор бўлиши мумкин эди?» каби саволлар орқали чуқурроқ фикрлашга ундайди.

Гарвардда яна бир муҳим жараён – бу мослашувчанлик. Профессорлар дарс ўтиш ва баҳолаш шаклини ўзлари белгилайдилар, яъни кимдир якуний имтиҳон ўтказса, бошқаси илмий мақола, синфдаги иштирок ёки амалий машғулотларга урғу беради. Яна бу ерда дарсдан ташқари кўшимча машғулотлар ва амалий имкониятлар сони ниҳоятда кўп, илмий тадқиқотга бўлган эътибор ҳам жуда синчковлик билан йўлга қўйилган. Буни «subciting», яъни мақолаларда келтирилган манбаларни текшириш, ҳаволалар тўғрилигини аниқлаш ва уларнинг Bluebook қоидаларига мувофиқ расмийлаштирилганини тасдиқлаш жараёни орқали кўриш мумкин. Мен ҳозирда Harvard Journal of Law and Technology (JOLT) журналида таҳрирчи сифатида волонтёрлик қилмоқдаман. Ҳар семестр бошида барча илмий журналлар талабаларни ушбу жараёнда иштирок этишга таклиф қилади. Бу тажриба илмий тадқиқот сифатига қай даражада эътибор берилишини кўрсатувчи яққол мисолдир.

Гарвардда йирик халқаро юридик фирмалар вакиллари, судялар, сиёсатчилар ва соҳа етакчилари билан бевосита учрашиш имконияти деярли ҳар куни мавжуд. Ҳафта давомида 7–10 тагача тушлик пайтига белгиланган учрашув ёки маърузаларда АҚШ Олий суди судьялари ҳамда етакчи юристлар талабалар билан тушлик ёки кофе устида суҳбатлашадилар.

–  Юртимизда «катта дунёга чиқиш» орзусида бўлган ёшлар жуда кўп, аммо бу йўлда қийинчиликларга дуч келиш табиий...

 – Мен учун бу жараёнда энг катта ҳақиқат – фақат иштиёқнинг ўзи етарли эмаслигини англаш бўлган. Узоқ муддатли мақсадларга эришиш учун тизим, қатъият ва доимийлик янада муҳимроқ эканини тушундим. Катта орзулар ва мақсадлар қўйиш, албатта, керак, лекин катта натижаларга кўпинча ҳар куни бажариладиган майда, ҳатто баъзан зерикарли ишлар орқали эришилади.

Масалан, яхши китоб ўқиш, ҳар куни ўнта янги сўз ёдлаш, ёзиш маҳоратини ҳар куни озгина яхшилаб бориш ёки кичик лойиҳаларни якунлаш каби оддий қадамлар вақт ўтиши билан мустаҳкам пойдевор яратади. Айниқса, нуфузли университетларга ариза топшириш жараёнида бу яққол намоён бўлади – бу катта ҳаракатнинг эмас, балки кундалик, доимий ва одатда зерикарли меҳнатнинг натижасидир.

Сунъий интеллект юридик жараёнларда, хусусан шартнома ҳуқуқида инсоннинг ролини қисқартириши мумкинми? Яъни AI воситалари шартномаларни таҳлил қилиш ва тузишда фаол қўлланиляптими? Агар шундай бўлса, бу ҳуқуқшунослар масъулиятига қандай таъсир кўрсатмоқда?

– Сунъий интеллект (AI) ҳуқуқшуносларнинг шартномалар билан ишлаш услубини сезиларли даражада ўзгартирмоқда, бироқ ҳозирча ушбу соҳада инсоннинг ўрнини тўлиқ боса оладиган даражага етгани йўқ. АҚШдаги йирик юридик фирмалари Harvey AI, Spellbook ва Kira каби воситалардан фойдаланиб, шартномаларни тузиш, таҳлил қилиш ва кўриб чиқиш жараёнини анча тез ва қулай амалга оширмоқда. Шунга қарамай, юристлар AI томонидан яратилган натижаларни синчковлик билан текшириб чиқишлари зарур, чунки охир-оқибат ҳужжатнинг тўғрилиги ва қонуний жиҳатдан тўғри тузилишига улар жавобгар, дастур эмас. Дастур эса фақат ёрдамчи восита сифатида хизмат қилади.

Изланиш жараёнида сунъий интеллект ва ҳуқуқ масаласини ўрганаётган бошқа тадқиқотчилар билан ҳам мулоқот қиласизми?

– Битирув ишим сунъий интеллект томонидан музокаралар орқали тузилган шартномаларнинг бошқа юрисдицкияларда ижро этилиши масаласига қаратилган. Айниқса халқаро юрисдикция контекстида – бундай шартномалар қандай ҳуқуқий муаммоларни келтириб чиқаради ва уларнинг ижроси қайси қонунчиликка асосан амалга оширилиши кераклиги масаласини кўриб чиқяпман. Ушбу изланишни мен ҳуқуқ ва технология соҳасидаги етакчи мутахассислардан бири – Кристофер Бавитс раҳбарлигида олиб боряпман. Гарварддаги профессорлар жуда фойдали йўл-йўриқ беради, бироқ охир-оқибат асосий фикрни ишлаб чиқиш ва уни илмий асослаш талабанинг зиммасида бўлади. Профессорлар одатда мустақил фикрлаш ва ижодий ёндашувни қўллаб-қувватлайдилар, бу эса изланувчиларга катта эркинлик беради.

Шунингдек, ҳозирда Сунъий интеллект сиёсати бўйича мен якунлаётган дастур (AI policy fellowship) Гарварднинг турли мактабларидан иштирокчиларни бирлаштиради, яъни сунъий интеллект билан боғлиқ масалаларга турли бурчаклардан ёндашиш имконини беради. Гуруҳимизда техник, сиёсий ва бизнес соҳасида тажрибага эга инсонлар бор.

Яна бу ерда Жонатан Л. Зитраин каби етакчи AI бўйича олимлар ва кенг илмий ресурслардан фойдаланиш имкониятининг мавжуд.

–  Илмий ишингизда қайси манбаларга асосланяпсиз? Қонунчилик, суд тажрибалари ёки AI алгоритмларини таҳлил қилиш...

– Олиб бораётган изланишимда асосан юридик таҳлилга таянмоқдаман, яъни мавжуд суд амалиёти, халқаро конвенциялар ҳамда илмий изоҳларни ўрганиш орқали анъанавий шартнома ҳуқуқи тамойилларининг сунъий интеллект томонидан келишилган шартномаларга қандай татбиқ этилиши мумкинлигини таҳлил қилмоқдаман. Мазкур йўналиш ҳали ривожланиш босқичида бўлгани сабабли, сунъий интеллект орқали музокара қилинган шартномаларга оид бевосита суд амалиёти мисоллари жуда кам. Шу боис, тадқиқотимнинг муҳим қисми автоматлаштирилган савдо тизимлари, смарт-шартномалар ва вакиллик институти каби яқин соҳалардан ўхшашликлар келтиришга қаратилган.

Шунингдек, Европа Иттифоқи, OECD ва UNCITRAL каби халқаро ташкилотларнинг сиёсий ҳужжатлари ва меъёрий таклифларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратмоқдаман, чунки ушбу ташкилотлар сунъий интеллектнинг жавобгарлиги ҳамда шартномаларнинг ҳақиқийлигини тартибга солиш бўйича дастлабки ҳуқуқий асосларни ишлаб чиқишни бошлаган.

Техник жиҳатдан алгоритмик синовларни ўтказмайман, бироқ Pactum AI каби сунъий интеллект асосида музокара олиб борувчи воситалар ва шартнома автоматлаштириш платформалари амалда қандай ишлашини таҳлил қилишга ҳаракат қилаяпман – хусусан, улар маълумотларни қандай қайта ишлайди, шартларни қандай аниқлайди ва келишувга қандай эришади. Баъзан юридик технологиялар соҳасида фаолият юритувчи компаниялар тажрибасидан фойдаланиб, ушбу тизимларнинг ишлаш тамойилларини ҳамда уларни қўллаш жараёнида юзага келадиган ҳуқуқий муаммоларни аниқлаш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

–  Илмий ишингиз натижаларини амалиётда қўллаш имкониятлари ҳақида нима дея оласиз?

– Келгусида тадқиқот натижалари бугунги глобал савдони шакллантираётган технологик ўзгаришларга жавобан тегишли қонунларга ўзгартириш киритишда амалий қўлланма сифатида хизмат қилиши мумкин. Айни пайтда аксарият мамлакатларда сунъий интеллект тизимларининг шартнома тузиш ёки томон номидан ҳуқуқий ҳаракатлар амалга ошириш ваколатига эгами ёки йўқлиги масаласида аниқ ҳуқуқий меъёр йўқ. Ушбу тадқиқот эса мавжуд шартнома ҳуқуқлари айнан қайси жиҳатларда, хусусан, розилик, вакиллик ва жавобгарлик тамойиллари қайси нуқталарда сунъий интеллектга нисбатан етарли эмаслигини аниқлаш ҳамда ушбу анъанавий талаблар қандай ривожланиши мослашиш мумкинлигини таклиф қилишни ўз ичига олади.

Қонун ишлаб чиқувчилар ушбу тадқиқот натижаларига мурожаат қилиб, сунъий интеллектнинг ролини тан оладиган, бироқ инсон масъулиятини заифлаштирмайдиган янги ҳуқуқий тизимларни ишлаб чиқиш жараёнида ундан таклиф сифатида фойдаланишлари мумкин. Амалий жиҳатдан эса AI тизимларидан ҳар бир қарор қандай қабул қилинганини аниқ қайд этиб боришни талаб қилиш орқали шаффофликни, адолатлиликни таъминлаш мумкин. Шунингдек, ушбу тадқиқот халқаро уйғунлаштириш саъй-ҳаракатларига, масалан, БМТнинг Электрон савдо бўйича модел қонунини ёки рақамли савдо келишувларини мослаштиришда ҳисса қўшиб, сунъий интеллект томонидан тузилган шартномаларнинг турли мамлакатларда ҳам юридик кучга эга бўлиши борасида амалий натижалар таклиф қилиши мумкин.

Бу тадқиқотлар Ўзбекистондаги ҳуқуқ тизимига қандай янгилик киритади, яъни сунъий интеллект ва ҳуқуқ соҳаси келажакда қай даражада ривожланиши мумкин, деб ўйлайсиз?

–  Сунъий интеллект Ўзбекистон ҳуқуқ тизимининг муҳим бир қисмига айланиши шубҳасиз – бу шунчаки вақт масаласи. Дунё амалиётига назар ташласак, юридик соҳа аллақачон сунъий интеллект таъсирида тубдан ўзгариб бормоқда ва Ўзбекистон ҳам бу йўлдан бориши табиий жараён.

Сунъий интеллект янада қулай ва маҳаллийлашган шаклга эга бўлгач, у юристларнинг кундалик иш жараёнининг ажралмас қисмига айланади – шартномаларни автоматик тузиш, катта ҳажмдаги ҳуқуқий маълумотларни таҳлил қилиш, қонунлардаги номувофиқликларни аниқлаш каби кўплаб жараёнларда иштирок этади. Бу фақат юридик фирмалар учун эмас, балки судлар, вазирликлар ва хусусий корхоналар учун ҳам тез, аниқ ва ишончли ҳуқуқий таҳлил тизимини яратишгаа олиб келади. Юртимизда электрон ҳукумат давлат хизматларини қандай қилиб тубдан ўзгартирган бўлса, сунъий интеллект ҳам юридик амалиётга янгича, самаралироқ, маълумотга асосланган ва шаффоф ёндашувни олиб келади.

Менимча, Ўзбекистон айнан шу янги босқич арафасида турибди ва сунъий интеллект томонидан тузилган шартномаларнинг ҳуқуқий ҳолати борасидаги тадқиқотим бу жараён билан бевосита боғлиқ.

Шунингдек, Ўзбекистонда сунъий интеллект ва ҳуқуқ соҳасидаги инновацияларни амалиётга татбиқ этиш, бу йўналишдаги тажрибамни юртимиз фойдасига сафарбар қилиш – мен учун катта масъулият ҳамда шахсий мақсаддир.

Суҳбатни Барно Султонова тайёрлади

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг