Истанбулда 7 йил аввалги қотиллик фош этилди. Унда ўзбекистонлик аёл ўлдирилган
Истанбулнинг Малтепе туманида 2019 йилдан бери бедарак деб ҳисобланган Ўзбекистон фуқароси – Ҳуррият Турсунбоева (36 ёш)нинг қотиллик қурбони бўлгани маълум бўлди. Тергов маълумотларига кўра, у ўз турмуш ўртоғи – 37 ёшли Эрсин Й. томонидан ўлдирилиб, жасади бўлакларга бўлиб ташланган.
Жиноят изи бедарак йўқолганлар ишини қайта кўриб чиқиш жараёнида очилган. Полиция махсус гуруҳ тузиб, аёлнинг яқинлари ва қўшниларидан сўров ўтказган. Қўшнилар ўша пайтда эркак аёлини «депортация қилинган» деб тушунтирганини, бироқ уйдан нохуш ҳид келганини айтган.
Текширув давомида аёлнинг Туркиядан чиқиб кетгани ҳақида ҳеч қандай расмий маълумот топилмаган. Унга тегишли телефон рақами ҳам ўша даврда мамлакат ичида фаол бўлгани аниқланган.
Прокуратура кўрсатмаси билан ўтказилган экспертизада уйда махсус кимёвий усул орқали текширув ўтказилиб, ошхона ва балкон қисмида қон излари топилган.
Шундан сўнг гумонланувчи – аёлнинг турмуш ўртоғи ҳамда унинг таниши қўлга олинди.
Сўров жараёнида асосий гумонланувчи аёли билан жанжал вақтида уни уриб ўлдирганини тан олган. Унинг айтишича, жасад аввал балконга чиқарилган ва ҳидни яшириш учун қум ва оҳак ишлатилган. Кейин эса жасад бўлаклаб, чиқиндихонага ташлаб юборилган. Гумонланувчи шу орқали изларни йўқотишга уринган.
Иккинчи гумонланувчи эса қотилликдан хабари бўлмаганини, фақат шахсий маълумотидан фойдаланишга рухсат берганини билдирган.
Тергов ҳаракатлари якунлангач, ҳар икки гумонланувчи бўйича йиғилган ҳужжатлар судга юборилган.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter