Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Истеъмолга айланган дунё: кийимлар – оқ айиқлар, африкалик болалар ва арзон ишчилар

Истеъмолга айланган дунё: кийимлар – оқ айиқлар, африкалик болалар ва арзон ишчилар

Эсимда йўқ, бир ҳикоя ўқигандим, унда катта шаҳарнинг ўртасида одамлар кийимсиз қолади. Бу кутилмаганда содир бўлади... Одамлар устидаги кийим тўсатдан парчаланиб, эриб кетади. Чунки улар бир марталик кийимлар эди. Узоқ вақтга чидайдиган кийимларни фақат ўта бой инсонларгина сотиб олади. Ўша ҳикояни ўқиганимда бир марталик идишлар ишлаб чиқилиши мумкинлигини тасаввур қила олмайдиган вақт эди...

Замонавий жамият ривожланишнинг навбатдаги босқичига – ортиқча истеъмол жамиятига кирди, деб бонг урмоқда тадқиқотчилар: ҳаддан ташқари истеъмол – бу нормал эҳтиёжлардан ошиб кетадиган истеъмол, зарарли бўлган маҳсулотларни истеъмол қилиш ва  нарсалар қийматининг кескин пасайишига олиб келади. Ортиқча истеъмол жамиятида содир бўладиган жараёнлар маъносиз, чунки маҳсулотларни улоқтириш учун ишлаб чиқарилади, қониқмаганлик учун эҳтиёжига қараб эмас, эрмакка, нафсига қараб истеъмол қилинади. Харид қилиш шунчаки севимли машғулотга айланади.

Меъёрдан ортиқ истеъмол қадим замонлардан бери маълум бўлган ҳодиса, аммо илгари фақат тор доирадаги одамлар ортиқча истеъмол қила олган, бугунги кунда бу кенг жамоатчилик учун одатий ҳолга айланди. Ҳаддан ташқари истеъмол қилиш замонавий даврнинг яна бир муаммоси.

Ишлаб чиқариш одамларнинг эҳтиёжлари учун эмас, балки истеъмол қилинмай, тўлиқ истеъмол қилинмай, тўлиқ ишлатилмай ташланган нарсалар билан тўлиб-тошган чиқинди қутилари учун ишлайди. Яъни истеъмол қилинганидан кўра кўпроқ нарса қайта ишланади.

Келинг, биз тез-тез сотиб оладиганимиз – кийимлар мисолида таҳлил қиламиз. Мода индустрияси шу қадар авж олдики, тезкор мода деган янги сўз кириб келди...

Тезкор мода нима?

Тезкор мода (fast fashion) – бу замонавий моданинг бир қисми бўлиб, у жадал равишда янгиланадиган ва арзон нархларда таклиф этиладиган кийимларга асосланган. У рекламалар, турли чақириқлар, акциялар, совғалар билан сизни домига тортиб кетадиган чоҳ, каттагина гирдобки, нафақат харидорни, балки Ер сайёрасини ҳам ютиб юборишга тайёр...

Аввало, маҳсулотларни арзонлаштиришга интилаётган компаниялар сифатдан воз кечишади. Натижада кийим-кечаклар тезроқ эскиради, бу эса сизни тезроқ янгиларини сотиб олишга мажбур қилади. Энди биз йигирма йил олдингига қараганда 400 фоиз кўпроқ кийим сотиб оламиз. Улар 15 йил олдинга нисбатан 36 фоиз камроқ кийилади, яъни унинг умри устингизда жуда тез тугайди, тугамаса ҳам ўзингиз улоқтирасиз – 85 фоиз одамлар  кийимни эскирмасдан ахлат қутисига ташлашни танлайди. Масалан, Россияда ҳар йили 2 миллион тоннага яқин кийим-кечак ташланади. Россиялик экокўнгиллиларнинг ташвишича, улардан баъзилари мутлақо янги, сотилмаган, ҳатто эгаларига етиб бормаган нарсалардир. Америка Қўшма Штатлари Халқаро Савдо Комиссияси хабарига кўра, Америка 2020 йилда тўқимачилик ва кийим-кечак импортига қарийб 127 миллиард доллар сарфлаган, бу ўртача истеъмолчи ҳар йили 81,5 фунт (37 килограмм) кийимни ахлатга улоқтирди дегани, яъни ҳар йили барча тўқимачилик маҳсулотларининг 85 фоизи, тахминан 11,3 миллион тонна тўқимачилик чиқиндилари чиқиндихонага тушади – бутун мамлакат бўйлаб одамлар секундига 2150 дона кийимни улоқтиришмоқда.

Сайёрамиздаги ҳар бир одам йилига ўртача 13 килограмм кийим сотиб олади. Aммо бу рақам мамлакатга қараб жуда фарқ қилади, мисол учун британияликларнинг кийим жавони ҳар йили 27 килограммга тўлдирилади.

Энг машҳур H&М, Zara, Forever каби тезкор мода брендлари ўз коллекцияларини ҳафтада бир марта янгилайди! Демак барқарор бўлмаган мода узлуксиз янгиланади, тўхтовсиз маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ушбу тенденциянинг дастлабки босқичларида бу дўконлар кийим-кечакларни арзон нархларда таклиф қилиш билан машҳур эди. Энди эса истеъмолчилар Shein ва Теmu каби онлайн-дўконларга кўпроқ эътибор қаратишмоқда – шу кунларда кузатаяпмизки, бу онлайн дўконлар туфайли кийим истеъмоли ўзининг энг юқори чўққисига чиқди.

Эътибор қилинг-а, мода саноати ҳар йили ишлаб чиқарадиган 100 миллиард кийим-кечакнинг 92 миллион тоннаси тўқимачилик чиқиндиларини ҳосил қилади, афсуски ҳар мавсумда ишлаб чиқарилган кийимларнинг тахминан 30 фоизи ҳатто сотилмайди. Агар тенденция давом этса, ўн йил ичида мода чиқиндилари йилига 134 миллион тоннагача кўтарилиши кутилмоқда.

Ресурслар исрофи ва экология

Тўқимачилик саноати ҳавони ифлослантирувчи моддалар бўйича авиация ва нефтдан кейинги ўринларни эгаллайди. Яъни бугунги кунда мода саноати барча карбонат ангидрид чиқиндиларининг 10 фоизини ишлаб чиқаради – йилига 1,7 миллиард тонна. Саноатнинг сув объектларини ифлослантиришда  20 фоиз улуши бор. Бу матоларни қайта ишлаш ва бўяш натижасидир. Яна бир муҳим кўрсаткич – жаҳон океанининг микропластмассалар билан ифлосланиши 35 фоизни ташкил қилади. Ҳар йили тўқимачиликдан 200 000 дан 500 000 тоннагача микропластмасса сувга тушади. Тадқиқотларга кўра, микропластмассалар том маънода ҳамма жойда: Эверестдан тортиб Мариана ботиғида, туз ва сувда, ҳатто инсон қонида, ўпкасида мавжуд.

Сувнинг иккинчи йирик истеъмолчиси кийим ишлаб чиқариш саноатидир – йилига 1,5 триллион тонна. Тассавур қилинг – битта пахта кўйлак ишлаб чиқаришга 3000, бир дона футболкага 2700, бир жуфт жинси шимга 7000 литр сув кетади. Маълумот учун, ҳар йили дунё бўйлаб 2,2 миллиард жуфт жинси шимлар сотилади. Кийим учун хом ашё ҳисобланган бир килограмм пахта етиштиришга 10 000 литр сув керак. Бир дона футболкага кетадиган сувни эса бир инсон 900 кун ичиши мумкин. Битта пахта футболка ва бир жуфт жинси шим ишлаб чиқаришга кетадиган сув миқдорини ичиш учун инсонга 13 йил керак бўлади. Яъни бир ярим минг нафар африкаликнинг бир кунлик ичадиган суви эвазига сиз битта футболка киясиз – арзон футболканинг экологик нархи ёрлиқдаги кўрганингиздан анча юқори.

Мутахассислар фикрига кўра, пахта етиштириладиган Ўзбекистонда пестицидлар ер ости сувларида 150 метргача чуқурликда учрайди. Пестицидлар тупроқдаги зараркунандалардан ташқари фойдали микроорганизмлар, бактерияларни ҳам ўлдиради, бу эса тупроқнинг деградациясига ва пахта етиштиришнинг пестицидларга янада тобе бўлишига олиб келади. Қолаверса масъулиятли брендларнинг табиий пахтага бўлган талаби аллақачон ишлаб чиқарувчилар таклифидан ошиб кетган.

Толанинг ўзи, албатта, на футболкага, на кўйлакка, на жинси шимга айланиб қолмайди. Бунинг учун уни заводга юбориш керак. Франциянинг Атроф-муҳит ва энергетика агентлиги маълумотларига кўра, жинси шим пахта даласи ва дўкон ўртасида 65 минг километр масофани босиб ўтади. Бу худди Ер атрофида бир ярим марта айлангандек. Демак, жинсингиз сиздан кўра кўпроқ саёҳат қилган бўлиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, кийим-кечакларни ташиш пайтида 3дан 10 фоизгача атрофга иссиқхона газлари чиқарилади.Бу сайёрамиз ва инсоният учун энг катта таҳдидлардан бири бўлиб қолаётган иқлим ўзгаришига қўшилаётган салмоқли ҳиссадир.

Яна бир ачинарли факт: кийим-кечакларни кам кийиб тез ташлаб юбориш ва қайта ишланмаслиги туфайли ҳар йили 500 миллиард доллар йўқотилади.

Кийим учун ишлатиладиган яна бир хом ашё синтетика дунёдаги энг машҳур тўқимачилик толаси ҳисобланади. Биздаги тушунчалар: полиэстер, полиамид, акрил ва бошқа синтетик полимерларни ўз ичига олган кийимлар ҳеч қандай сунъий материаллардан иборат эмас. Улар табиий қазилма хом ашё – нефтга асосланган. Ҳар йили мода саноати учун 48 миллион тоннага яқин нефт ишлаб чиқарилади.

Нефть қазиб олиш ва қайта ишлаш атмосферага катта ҳажмдаги зарарлигазларни,  чиқаради. Афсуски тупроқ, океанлар ва ўрмонлар уни тезда қайта ишлай олмайди, газлар атмосферада тўпланади, сайёрани иситади ва иқлим инқирозини келтириб чиқаради. Қолаверса, нефть қайта тикланмайдиган ресурс бўлиб, ҳисоб-китобларга кўра, маълум манбалардан олинган нефт захиралари атиги 47 йилга етади.

Қайта ишлашдан фойда йўқ...

Кийимларни қайта ишлаш технологик жиҳатдан мураккаб жараён. Дунё миқёсида йиғилган кийим-кечакларнинг 12 фоизи ўйинчоқларнинг ичини, мебелни тўлдириш, тозалаш матолари учун қайта ишланади. Янги кийим ишлаб чиқариш учун атиги 1 фоиздан камроғидан фойдаланилади. Чунки кийимлар турли хил материаллар аралашмалари – тугмалар, ёрлиқлардан иборат бўлгани сабабли, материалларни ажратиш ва уларни бирма-бир қайта ишлаш қийин.

Чоклар остидаги беқадрлик

Биз киядиган ёки улоқтирадиган кийим, тезкор мода қанчадан-қанча одамларнинг қора меҳнати ва жуда кам маош тўланиши ҳисобига ривожланаётганини ҳеч ўйлаб кўрганмисиз? Арзон кийим-кечаклар нега ҳамёнбоп эканлигини-чи? Унинг ҳақиқий нархини тикувчилар ўз умри ва топталган ҳақ-ҳуқуқлари ҳисобига тўлаётганини-чи, билармидингиз?

Бангладешда ишчилар 2018 йил маълумотларига кўра, соатига тахминан 33 сент, Ҳиндистонда эса ўртача иш ҳақи 58 сентни ташкил қилади.

2013 йилда Бангладешдаги Rana Plaza'да рўй берган фалокат тикувчилик саноати тарихидаги энг ҳалокатли саноат ҳодисаси юз берди – 1134 киши ҳалок бўлди ва минглаб одамлар жароҳат олди. Бу ҳодиса дунёни ларзага солди ва кўплаб тикув фабрикаларида ҳалокатли шароитларни таъкидлади. Фабрикалардаги тизимли муаммолар, масалан, заиф меҳнат муҳофазалари муаммолари ҳамон кенг қулоч ёйган.

Тезкор мода ортидан одамлар тўхтовсиз кийим сотиб олади, ишлаб чиқарувчилар бойигандан бойийди, аммо масалан бангладешлик тикувчиларнинг 91 фоизи ўзлари ва оилалари учун етарли озиқ-овқат сотиб олишга қийналмоқда, 25 фоизи эса турли зўравонликка дучор бўлмоқда. Ўша машҳур Shein бренди ишчилари ўтган йили маълумотларга қараганда ҳар бир кийим учунтўрт центгача меҳнат ҳақи олишган.

Кийим-кечак саноатидаги айрим тикув ишчилари учун +96 соатлик иш ҳафтаси одатий ҳолдир. Улар кўпинча кунига 10-12 соат (ва ҳатто 16-18) ҳафтада 7 кун ишлайди. Бу фабрикалар уларга қўшимча иш соатлари учун ҳақ тўламайди.

Тезкор мода иш шароитлари кўпинча кимёвий жараёнларга таянади. Масалан, ишчилар (камдан-кам ҳолларда тегишли ҳимоя билан таъминланган) заҳарли кимёвий моддалар, бўёқлар билан ишлайди. Улар қусиш, саратон касаллигининг юқори хавфи ёки иммунитет, эндокрин ва асаб тизимининг бузилиши каби барча турдаги соғлиқ муаммоларига олиб келиши мумкин. Шамоллатиш йўқлиги ва хавфли бинолар каби муаммолар туфайли тезкор мода тикувчи ишчилари кўпинча ёнғин ва жиддий жароҳатлар, шу жумладан ўлим хавфи остида бўлишади.

Сиз балки «Нега тикувчилар ўша даҳшатли ва ғайриинсоний фабрикаларини тарк этишмайди?», деб ўйлаётган бўлишингиз мумкин.

Шунчаки, чунки ... уларда бошқа танлов йўқ!

Тезкор моданинг ривожланишида болалар меҳнатидан ҳам фойдаланилади. Афсуски, сиз кийган кийим ортида бола бўлиши мумкин. Узоққа бормайлик, мактаб ўқувчилари яқин-яқингача пахта далаларининг асосий ишчиси ҳисобланган.

Хўп, сиз билан биз бу тезкор мода ва у туфайли юзага келаётган муаммолар барҳам топишига қандай ҳисса қўшишимиз мумкин: кийим сотиб олишни камайтириш туфайли. Одамлар арзон маҳсулотлардан воз кеча бошлашса, кийимлар сифати ошади. Сифатли кийим ишлаб чиқариш учун яхши ҳақ тўланади. Сифатли кийим-кечак қимматлиги учун унинг қадри бўлади – камроқ чиқиндига ташланади...

Кейинги сафар тезкор мода дўконига борганингизда, оқ айиқлар ҳақида ўйланг! Ҳар куни улар иқлим инқирози ва музликларнинг эриши туфайли яшаш жойларини йўқотмоқда. Африкалик сувга зор болаларни кўз олдингизга келтиринг – жинси шим кийишингиз учун бир кунда уч мингдан ортиқ инсон сувсиз қолади...

Бугун сиз Теmu'дан арзон ва кўзни қувонтирадиган бир дунё кийим буюртма қилдингиз, инсоний ҳуқуқлари топталган қайсидир фабрика ишчиси эса яхши меҳнат шароитлари бор жойни орзу қилмоқда...

                                                                             Барно Султонова

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг