Жиззахда туман Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи пора билан ушланди
Жиззах вилоятидаги туманлардан бирининг Фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи хизмат мавқеини суиистеъмол қилиб, жорий йилнинг сентябрь ойида маҳаллий тадбиркор томонидан қурилиши режалаштирилган кўп қаватли уйнинг лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб бериб, эвазига 200 АҚШ доллари олади.
Кейинроқ тадбиркор аҳолига янада қулайлик яратиш мақсадида ушбу кўп қаватли уйга яқин жойда хусусий мактаб қуриш учун лойиҳа ҳужжатларини тасдиқлаб беришини сўраб, яна мазкур мансабдор шахсга мурожаат қилади.
Бу сафар эса у 6 млн сўм талаб қилади.
Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Прокуратура органлари ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, туман фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ушбу пул маблағини ўзининг турмуш ўртоғи орқали олган вақтида унинг ноқонуний ҳаракатига чек қўйилди.
Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми “а”, “в” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Мазкур модданинг ушбу бандларида назарда тутилган жиноятлар учун 5 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган.
Афсуски, мансабдор шахсларнинг бу каби ноқонуний ҳаракатлари биринчи навбатда тадбиркорларнинг, сўнгра аҳолининг иқтисодий ҳолатига салбий таъсир қилади. Инсон қадри улуғланаётган мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўғаноқ бўлади.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter