Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Маърифат билан келажак қуриш: Ўзбекистоннинг глобал ташаббуслари

Маърифат билан келажак қуриш: Ўзбекистоннинг глобал ташаббуслари

Жаҳон тамаддуни бешиги бўлган Самарқанд шаҳрида ЮНЕСКО Бош конференциясининг тарихий 43-сессияси халқаро майдондаги мутлақо янги воқеликни намоён этмоқда. Бу Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузи ошиб, унинг янгиланиш ва очиқлик сиёсатига бўлган ишончи мустаҳкамланаётганининг ёрқин исботи. Сўнгги 40 йил ичида илк бор Париждан ташқаридаги ўтказилган тарихий сессия бўлиб, унда 190 аъзо давлатдан 2800 дан ортиқ делегат иштирок этмоқда, бу эса ЮНЕСКОнинг 80 йиллик юбилейи муносабати билан ўтказилаётган муҳим тадбирдир.

Тадбирнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг нутқи сессиянинг асосий воқеаси бўлди ва унда глобал муаммоларни ҳал этиш бўйича 5 та асосий ташаббуслар илгари сурилди.

Нутқда геосиёсий кескинлик ва ҳарбий можаролар таъсирида сайёрамиздаги ноёб ёдгорликлар, муқаддас қадамжолар ва бебаҳо маданий мерос катта зиён кўргани таъкидланди.

Таълим соҳасидаги тенгсизлик ҳам жиддий муаммо сифатида кўрсатилди. ЮНЕСКО ҳисоботига кўра, дунёда 250 миллион бола ва ёш таълимдан маҳрум, бу кўрсаткич сўнгги 10 йил ичида атиги 1 фоизга камайган. Пандемия даврида 40 фоиз давлатлар таълимни қўллаб-қувватламаган, бу тенгсизликни 15-20 фоизга оширди. Билим ва технологиялардан фойдаланишдаги тафовут глобал иқтисодиётга йиллик 10 триллион доллар зарар етказади.

Нутқда гендер тенгсизлиги ЮНЕСКО статистикаси асосида таҳлил қилинди. Илмий муассасалар раҳбарларининг 25 фоизи, таълим бошқарувчиларининг 30 фоизи ва тадқиқотчиларнинг 33 фоизи аёллар экани қайд этилди. Мазкур кўрсаткичлар аёлларнинг илм-фан соҳасидаги улуши 35 фоиздан ошмаслигини тасдиқлайди. Бу эса гендер тенглигининг устувор вазифаси эканлигини кўрсатмоқда.

Иқлим ўзгариши маданий меросга жиддий таъсир кўрсатади. ЮНЕСКО маълумотларига кўра, дунёвий мерос объектларининг 80 фоизи иқлим ўзгаришидан азоб чекмоқда. Ҳар йили 5000га яқин объект зиён кўрган. Музликларнинг эриши ва чўлланиш каби ҳодисалар мероснинг 20-30 фоизини йўқотиш хавфини оширади.

Шунингдек, ахборот шаффофлиги масаласида рақамли маконда нохолис ахборот 40 фоизга ошгани – ёшларни турли манипуляциялардан ҳимоя қилишни талаб этади.

Президент томонидан илгари сурилган бешта ташаббус жаҳон миқёсида долзарб муаммоларни ҳал этишга қаратилган бўлиб, улар таълим, маданий мерос, гендер тенглиги, экологик барқарорлик ва ахборот хавфсизлиги соҳаларини қамраб олади.

Биринчидан, инклюзив таълим ва сунъий интеллектни ривожлантириш орқали махсус эҳтиёжли болалар учун платформа яратиш ва “Сунъий интеллект – мактаб” лойиҳасини амалга ошириш таълим сифатини 20 фоизга ошириш имконини беради. Бу дунёда таълимдан маҳрум болалар муаммосини енгиллатишда муҳим қадам бўлади.

Иккинчидан, номоддий меросни сақлаш бўйича ташаббуслар – “Жаҳон хотираси” дастурини ривожлантириш, ҳужжатли мерос кунини таъсис этиш ва рақамли мерос институтини ташкил этиш орқали жаҳон меросининг камида 30 фоизини рақамлаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, Бухоро 2027 йилда ҳунармандчилик бўйича халқаро конгрессга тайёр эканлиги қайд этилди.

Учинчидан, хотин-қизлар етакчилигини кучайтириш мақсадида ЮНЕСКО доирасида Аёллар етакчилиги академиясини яратиш ва Самарқандда глобал форум ўтказиш таклиф этилди. Чунки илм, таълим ва маданият соҳаларида аёллар ҳали тенг имкониятларга эга эмаслиги таъкидланди.

Тўртинчидан, иқлим ўзгаришининг маданий меросга таҳдидига қарши курашиш мақсадида “ЮНЕСКО экологик пойтахт” ташаббусини қўллаб-қувватлаш ва ёдгорликларни жаҳон миқёсида муҳофаза қилиш резолюциясини қабул қилиш таклиф этилди.

Бешинчидан, дезинформация ва манипуляциялар авж олган шароитда ахборот шаффофлигини таъминлаш, ёшларда медиа саводхонлик ва таҳлилий фикрлаш кўникмаларини ривожлантириш бўйича глобал стратегия ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди.

Шунингдек, сессия доирасида Бухорода биеннале ва Тошкентда мактабгача таълим маркази каби қўшимча тадбирлар ўтказилиши ҳам халқаро ҳамкорликни янада чуқурлаштиради.

Умуман олганда, Ўзбекистон Президентининг ЮНЕСКО Бош сессиясидаги нутқи глобал беқарорлик, ахборот хуружлари ва маданий инқироз даврида инсоният тараққиётининг ягона йўли — маърифат, маданият ва жамоавий масъулият эканини яна бир бор намоён этди.

Унда таълимни инклюзив асосда ривожлантириш, сунъий интеллектни инсон манфаатига хизмат қилдириш, маданий ва ҳужжатли меросни ҳимоя қилиш, аёлларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, ахборот маконида ёшларни асраш ва иқлим таҳдидлари шароитида тарихий меросни сақлаш каби стратегик вазифалар илгари сурилди.

Бу ғоялар Ўзбекистоннинг ҳам миллий, ҳам глобал майдонда инсон капиталини, тарихий меросни ва интеллектуал тараққиётни устувор қўйган давлат сифатидаги позициясини мустаҳкамлайди ҳамда “Самарқанд руҳи” орқали дунёга бирлашиш, ўзаро ҳурмат ва маданий ҳамжиҳатликка даъватдир.

Жамшед Жураев,
Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази Бухоро вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари

 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг