Олимлар Ернинг 4,5 миллиард йиллик «жонсиз» моделини яратишди
Тадқиқотчилар Ернинг компютер моделини яратиб, ундан барча тирик мавжудотларни — бактериялардан тортиб одамларгача «чиқариб ташлаб», сайёранинг 4,5 миллиард йил давомидаги эволюциясини кузатдилар. Натижалар шуни кўрсатдики, ҳатто ҳаёт мавжуд бўлмаган тақдирда ҳам, геологик жараёнлар суюқ сув ва океанларнинг барқарор кимёвий таркиби учун зарур шароитларни сақлаб қолиши мумкин экан.
Олимлар «Агар Ерда ҳеч қачон бактериялар, ўсимликлар ва ҳайвонлар пайдо бўлмаганида, у ҳаёт учун яроқли бўлиб қола олармиди?» деган саволга жавоб излашди. Бунинг учун тадқиқот гуруҳи сайёранинг тирик организмлар иштирокисиз шаклланган батафсил компютер моделини ишлаб чиқди.
Модел ер қаърининг совиши, вулқон фаоллиги, атмосферанинг шаклланиши, углерод айланиши ва қуёш нурининг океан юзасидан акс этиши каби омилларни ҳисобга олди. Тизим Ернинг бутун геологик тарихи давомидаги ўзгаришларни таҳлил қилди.
Ҳисоб-китобларга кўра, ҳатто бутунлай жонсиз сценарийда ҳам сайёрада суюқ сув сақланиб қолиши учун етарли ҳарорат таъминланади. Океанларнинг кимёвий таркиби ҳам ҳаёт пайдо бўлиши учун қулай меъёрда қолган. Бу барқарорликни фақат геологик жараёнларнинг ўзигина таъминлай олган.
Илгари ҳаётнинг мураккаб шакллари муҳит барқарорлигини сақлашга ёрдам беради ва шу орқали ўз мавжудлиги учун шароит яратади, деган фараз мавжуд эди.
Янги модель эса бундай барқарорлик организмлар иштирокисиз ҳам юзага келиши мумкинлигини кўрсатди. Бу ҳаётнинг аста-секин шаклланиши эмас, балки олдиндан тайёр ва мос муҳитда пайдо бўлганини англатади.
Бу хулосалар Қуёш тизимидан ташқаридаги экзосайёраларни қидиришда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, NASA томонидан ишлаб чиқилаётган Habitable Worlds Observatory космик телескопи қуёшга ўхшаш юлдузлар атрофидаги тошли сайёраларни суратга олиши ва уларнинг атмосферасини таҳлил қилиши керак.
Ўзга дунёларда ҳаёт бор-йўқлигини аниқлаш учун астрономлар аввало ҳаёт мавжуд бўлмаган, аммо яшаш учун шароитга эга сайёраларнинг атмосфераси ва океанлари қандай кўринишда бўлишини тушуниб олишлари зарур. Янги модел шуни тасдиқлайдики, бундай «бўш» дунёлар миллиардлаб йиллар давомида океанлар ва яшаш учун мос ҳароратни сақлаб қолиш хусусиятига эга.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter