Андроид қурилмалар учун Xabar.uz мобил иловаси. Юклаб олиш ×
IOS qurilmalar uchun Xabar.uz mobil ilovasi. Юклаб олиш ×

Ўзбекистон аҳолиси неча ёшда никоҳ қураётгани маълум бўлди

Ўзбекистон аҳолиси неча ёшда никоҳ қураётгани маълум бўлди

Фото: Xabar.uz

2025 йилда Ўзбекистонда биринчи марта никоҳдан ўтаётган эркакларнинг ўртача ёши 25,6 ёшни, аёлларники эса 21,4 ёшни ташкил этди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.

Маълумотларга кўра, эркаклар учун мазкур кўрсаткич 2024 йилдаги 26,2 ёшдан 25,6 ёшга тушган. Аёлларда ҳам ўртача никоҳ ёши 21,8 ёшдан 21,4 ёшга пасайган.

Статистик маълумотлар никоҳ ёши ўтган ўн йилликлар давомида босқичма-босқич ўзгариб келганини кўрсатади. Эркаклар орасида 2000 йилда биринчи никоҳнинг ўртача ёши 24,2 ёш бўлган бўлса, 2020 йилга келиб бу кўрсаткич 26,4 ёшгача кўтарилган.

Кейинги йилларда эса маълум даражада пасайиш қайд этилди. Хусусан, 2024 йилда 26,2 ёшни ташкил этган кўрсаткич 2025 йилда 25,6 ёшга тушди.

Аёллар ўртасида ҳам шунга ўхшаш динамика кузатилмоқда. Агар 2000 йилда биринчи никоҳнинг ўртача ёши 21,4 ёш бўлган бўлса, 2015 йилда бу рақам 22,5 ёшга етган. Кейинги йилларда эса аста-секин пасайиш кузатилди.

2025 йил кўрсаткичлари эркаклар ва аёллар ўртасида биринчи никоҳ ёши яна 2000 йиллар бошидаги даражаларга яқинлашаётганини кўрсатмоқда. Хусусан, аёллар учун ўртача никоҳ ёши 2000 йилдаги каби 21,4 ёшни ташкил қилди.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг