Ўзбекистонда эркин бонд омборлари ташкил этилади
Ўзбекистонда электрон тижорат соҳасини ривожлантириш доирасида янги турдаги эркин омбор — бонд омборлари жорий этилади. Бу Президентнинг 13 апрелда қабул қилинган қарорида белгиланди.
Ҳужжатга кўра, 2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 июлгача ҳуқуқий эксперимент сифатида мазкур тизим амалга оширилади. Унга кўра, резидент ва норезидентлар жисмоний шахслар учун мўлжалланган товарларни махсус электрон платформалар орқали сотиш учун бонд омборларида вақтинча сақлайди.
Қарорга мувофиқ, бонд омборлари лицензия асосида ташкил этилади. Улар эркин омбор фаолияти тартибида иш юритади. Товарларни сотиш фақат махсус электрон савдо платформалари орқали амалга оширилади. Бунда платформалар Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги юритадиган реестрга киритилган бўлиши шарт.
Шунингдек, бонд омборларига жойлаштирилган товарлар эркин омбор божхона режимида сақланади ва уларни жисмоний шахсларга чакана сотишга рухсат берилади. Эксперимент доирасида божхона расмийлаштируви соддалаштирилади. Хусусан, товарлар жўнатмалар декларацияси асосида расмийлаштирилади.
Қарорга кўра, бонд омборидан чиқарилаётган товарларга нисбатан мувофиқликни баҳолаш, санитария ва ветеринария назорати талаблари қўлланмайди.


Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг
Кириш
Ижтимоий тармоқлар орқали киринг
FacebookTwitter