Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Техникум ўқувчиларига «Work and Travel» дастурлари учун ссуда ажратилади

Техникум ўқувчиларига «Work and Travel» дастурлари учун ссуда ажратилади

Ўзбекистонда техникум ўқувчиларининг хорижда ишлаш ва саёҳат қилиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида «Work and Travel» халқаро дастурларида иштирок этиш учун ссуда ажратиш тартиби жорий этилади.

Бу Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳасида назарда тутилмоқда.

Ҳужжатга кўра, 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб техникумларнинг ўрта ва ўрта махсус касбий таълим дастурларида таҳсил олаётган ўқувчилар Буюк Британия, АҚШ, Канада, Европа Иттифоқи давлатлари, Жанубий Корея, Хитой ва Япониядаги «Work and Travel» дастурларида иштирок этиши мумкин бўлади.

Дастур доирасида ўқувчиларнинг хорижга бориш-келиш ва бошқа ташкилий харажатларини қоплаш учун Ёшлар ишлари агентлигининг Ёшларга оид давлат сиёсатини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан ҳар йили 500 нафаргача ўқувчига базавий ҳисоблаш миқдорининг 40 баравари миқдорида ссуда ажратиш режалаштирилмоқда.

Ссуда олиш учун аризалар Давлат хизматлари марказлари ёки Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилинади. Ўқувчилар мазкур маблағни дастур доирасида хорижда бўлиш муддати тугаганидан кейин бир ой ичида қайтариши лозим бўлади.

Шунингдек, Миграция агентлиги ҳар йили хорижий иш берувчилар рўйхатини шакллантириб, уларни xorijdaish.uz платформасига жойлаштириб боради. Агентлик хорижий компаниялар билан ҳамкорлик шартномаларини имзолаш чораларини ҳам кўради.

Мутасаддиларнинг таъкидлашича, мазкур ташаббус ёшларнинг хорижий тилларни амалий ўрганиши, замонавий касбий кўникмаларни эгаллаши ва халқаро меҳнат бозорида рақобатбардошлигини оширишга хизмат қилади. 

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг