Хабарлар тезкор Телеграм каналимизда Обуна бўлиш ×

Али Хоманаий: инқилобдан 37 йиллик бошқарувгача (видео)

Али Хоманаий: инқилобдан 37 йиллик бошқарувгача (видео)

Фото: Xabar.uz

Эроннинг замонавий тарихида энг таъсирли ва узоқ ҳукмронлик қилган шахслардан бири Али Хоманаий ҳисобланади. У 1989 йилдан бошлаб қарийб 40 йилга яқин вақт давомида мамлакатнинг энг юқори раҳбари бўлиб келди. Унинг ҳокимиятга келиши, фаолияти ва сўнгги тақдири ҳақида турли фикрлар мавжуд. Биз сизга текширилган ва ишончли маълумотларни етказишга ҳаракат қиламиз.

Аввало, муҳим бир жиҳатни айтиш керак. Али Хоманаий — Эрон инқилобини бошлаган шахс эмас. Инқилоб етакчиси бошқа инсон — Руҳуллоҳ Ҳумайний бўлган. (Биз бу ҳақида аввалги видеода маълумот берганмиз) Ҳумайний 1979 йилда Эрондаги монархияни ағдариб, янги — исломий давлат тизимини яратган шахс ҳисобланади. Али Хоманаий эса унинг шогирди ва тарафдори сифатида сиёсий саҳнага чиққан.

1979 йилги Эрон ислом инқилоби мамлакат тарихида бурилиш нуқтаси бўлди. Бу инқилобгача Эронни шоҳ Муҳаммад Ризо Паҳлавий бошқарган. У Ғарб давлатлари, айниқса АҚШ билан яқин муносабатда бўлган. Лекин мамлакат ичида норозилик кучайиб, охир-оқибат оммавий қўзғолонлар натижасида унинг режими ағдарилди.

Али Хоманаий ана шу инқилобда иштирок этган. У шоҳ режимига қарши чиққан, бир неча бор қамалган ва ички сургунда ҳам бўлган. Лекин у инқилоб раҳбари эмас, балки уни қўллаб-қувватлаган иштирокчилардан бири эди.

Инқилобдан сўнг Хоманаий тезда сиёсий тизимда юқори лавозимларга кўтарилди. У парламентда ишлади, диний-сиёсий ташкилотларда фаол қатнашди ва 1981 йилда Эрон президенти этиб сайланди. У икки муддат — 1989 йилгача президент бўлиб ишлади. Бу даврда у давлат бошқаруви тажрибасини орттирди ва инқилоб элитасининг ишончли вакилларидан бирига айланди.

1989 йилда эса ҳал қилувчи воқеа юз берди. Руҳуллоҳ Ҳумайний вафот этди. Бу Эронда катта сиёсий бўшлиқни юзага келтирди. Чунки у нафақат давлат раҳбари, балки бутун тизимнинг асосчиси эди.

Конституцияга кўра, янги олий раҳбарни Экспертлар кенгаши сайлаши керак эди. 1989 йил 4 июнда ушбу кенгаш йиғилиб, янги раҳбар масаласини муҳокама қилди. Турли номзодлар кўриб чиқилди, ҳатто жамоавий раҳбарлик ғояси ҳам таклиф қилинди. Аммо охир-оқибат Али Хоманаий номзоди илгари сурилди.

Бу жараёнда Ҳошимий Рафсанжоний муҳим рол ўйнаган. У сиёсий жиҳатдан кучли шахс бўлиб, Хоманаийни қўллаб-қувватлади ва уни муносиб номзод сифатида кўрсатди. Шунингдек, у Ҳумайний тирик пайтида Хоманаийни маъқуллагани ҳақида гапирган.

Шундан сўнг овоз бериш бўлиб ўтди ва Али Хоманаий олий раҳбар этиб сайланди. Ўшанда у 50 ёшда эди.

Бироқ бу ерда катта муаммо бор эди. Конституция талабига кўра, олий раҳбар энг юқори диний даражага эга бўлиши керак эди. Хоманаий эса бундай даражага эга эмасди. Шу сабаб Конституцияга ўзгартиш киритилди ва талаб енгиллаштирилди. Энди диний билим ва сиёсий тажриба етарли деб ҳисобланди. Бу эса унинг расман раҳбар бўлишига йўл очди.

Кўпчилик орасида “уни АҚШ ёки Британия разведкаси ҳокимиятга олиб келган” деган гаплар ҳам учрайди. Лекин ишончли тарихий манбалар бундай фикрни тасдиқламайди. Аксинча, 1979 йилдан кейин Эрон ва АҚШ муносабатлари кескин ёмонлашган. Демак, Хоманаийнинг ҳокимиятга келиши ташқи эмас, ички сиёсий жараён бўлган.

Шундан кейин Али Хоманаий узоқ йиллар давомида Эронни бошқарди. У 1989 йилдан 2026 йилгача — тахминан 37 йил давомида олий раҳбар бўлиб қолди. Бу уни мамлакат тарихидаги энг узоқ ҳукмронлик қилган раҳбарлардан бирига айлантирди.

Унинг ҳокимияти даврини шартли равишда уч босқичга бўлиш мумкин. Биринчи босқичда у тизимни барқарорлаштириш билан шуғулланди. Инқилобдан кейинги давлатни мустаҳкамлаш, иқтисодий тикланиш ва сиёсий барқарорликни таъминлаш асосий вазифа бўлди.

Иккинчи босқичда у ҳокимиятни янада кучайтирди. Давлат тизими марказлашди, хавфсизлик органлари таъсири ортди ва ташқи сиёсатда Ғарбга қарши қатъий позиция шаклланди.

Учинчи босқичда эса Эрон халқаро санкциялар, иқтисодий босим ва ички норозиликлар шароитида яшади. Шу билан бирга, мамлакат минтақавий сиёсатда фаол иштирок этди.

Эрон сиёсий тизимида олий раҳбар энг юқори шахс ҳисобланади. Президент ҳам унга бўйсунади. Али Хоманаий армия, хавфсизлик, ташқи сиёсат ва стратегик қарорларни тўлиқ назорат қилди.

2026 йилда Эрон олий раҳбари Али Хоманаий 86 ёшида вафот этди. У Исроил ва АҚШнинг биргаликдаги ҳаво ҳужумлари оқибатида ҳалок бўлди. Хоманаий 37 йил давомида мамлакатнинг Олий раҳбари лавозимида фаолият юритган эди. Унинг вафоти муносабати билан Эрон бўйлаб 40 кунлик умуммиллий мотам эълон қилинди.

Хулоса қилиб айтганда, Али Хоманаийнинг ҳокимиятга келиши — инқилоб, сиёсий келишув ва ички элита қарори натижаси бўлган. У 37 йил давомида Эронни бошқариб, мамлакат тарихида чуқур из қолдирган шахсга айланди.

Бу тарихий мисол шуни кўрсатадики, сиёсатда баъзан энг кучли ёки энг машҳур эмас, балки энг мос ва барча томонлар қабул қила оладиган инсон ҳокимиятга келади.

Изоҳлар 0

Изоҳ қолдириш учун сайтда рўйхатдан ўтинг

Кириш

Ижтимоий тармоқлар орқали киринг